Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ичимлик сувини тежаш – ҳамма учун муҳим
11:29 / 2025-05-29

Қашқадарё вилоятида ичимлик сувини тежаш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича кенг кўламли тарғибот ишларига қарамай, ноқонуний уланиш ҳолатлари ҳали ҳам учраб туриши аҳоли ва мутасаддилар учун катта ташвиш уйғотмоқда. Ҳар бир сув қувури – бу шаҳар ва қишлоқ аҳолиси учун муҳим ресурс бўлиб, унинг ноқонуний равишда истеъмол қилиниши нафақат иқтисодий зарар келтиради, балки сув таъминоти тизимига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Яқинда “Қашқадарё сув таъминоти” акциядорлик жамияти ҳамда вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳудудий инспекцияси ходимлари билан ҳамкорликда Ғузор туманида ўтказилган рейд тадбирида шундай ноқонуний уланиш ҳолати аниқланди.

Тадбирда маълум бўлишича, туманнинг “Қовчин” маҳалласи ҳудудидан ўтадиган “Шаҳрисабз-Қарши” магистрал ичимлик суви қувурига 50 миллиметрли пластмасса қувур орқали ўзбошимчалик билан уланиб, сув дала майдонини суғориш учун ишлатилмоқда. Бу ҳолатда мутахассисларнинг тахминий ҳисоб-китобига кўра, бир соатда 18 куб метр, сутка давомида эса 450 куб метр ичимлик суви ноқонуний равишда оқиб кетиши мумкин.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ушбу сув миқдори бир кунда 6 мингдан ортиқ одамни ичимлик суви билан таъминлаш имкониятига эга. Бу эса сув ресурсларининг қанчалик беқадр сарфланаётганини кўрсатади. Бундан ташқари, “Қашқадарё сув таъминоти” масъуллари зарар суммасини 1 миллиард 35 миллион 326 минг сўмга баҳоламоқда.

[gallery-23638]

Вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳудудий инспекцияси бош мутахассиси Алишер Мухторовнинг таъкидлашича, жорий йилда шунга ўхшаш 11 та ҳолат аниқланиб, 2 миллиард 102 миллион сўмлик ноқонуний уланишлар бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тегишли чоралар кўриш учун тақдимномалар киритилган.

Рейд давомида ноқонуний уланма, “Қашқадарё сув таъминоти”га қарашли авария бригадаси томонидан бартараф этилди ва тармоқдан узилди. 

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан дала майдони кимга тегишли эканлиги аниқланмоқда ва қонунчилик асосида тегишли чоралар кўрилади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, дунёда сув ресурслари кўпайиш эмас, камайиш йўлида эканлигига қарамай, баъзи аҳоли ва ташкилотлар томонидан сувдан оқилона фойдаланишга амал қилинмаётгани салбий оқибатларга олиб келмоқда. Шу сабабли ҳам маҳаллий ҳокимият ва тегишли идоралар томонидан сув ресурсларини муҳофаза қилиш, сув тежаш технологияларини кенг жорий қилиш ҳамда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича тарғибот ишлари изчил олиб борилмоқда.

Биргина Қашқадарё вилоятидагина эмас, бутун мамлакат миқёсида ҳам ушбу муаммони бартараф этиш учун ҳуқуқий чоралар кучайтирилмоқда ва ноқонуний сув истеъмол қилиш ҳолатларига нисбатан қатъий муносабат билдирилмоқда.

Ичимлик суви – барча учун азиз ва қимматли ресурс. Шу боис унинг ҳар бир куб метридан оқилона фойдаланишимиз, келажак авлодларга тоза сувни сақлаб қолишимиз зарур.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари