Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ичимлик сувига талаб ортмоқда
23:45 / 2021-05-04

Ҳаётимизда асосий ўрин эгаллайдиган, энг зарур ва муҳим эҳтиёж саналган сувсиз дунёни тасаввур этиш қийин. Зеро, сув тириклик манбаидир.

Таъкидлаш жоизки, дунёдаги сувларнинг 94 фоизи океанлар ҳиссасига тўғри келади. Бевосита фойдаланишга яроқли бўлган ичимлик сувининг заҳиралари 2 фоизга ҳам етмайди. Бироқ битмас-туганмас ҳисобланадиган денгиз сувлари ҳам ўта ифлосланиш хавфи остида турибди. 

Чучук сув сифат жиҳатдан тугайдиган ресурс ҳисобланади. Инсонга ҳар қандай сув эмас, балки истеъмол қилиш учун яроқли тоза сув керак. Ер шарининг кўпгина минтақаларида сувдан самарасиз фойдаланиш, дарёларнинг саёзланиб қолиши ва бошқа сабаблар оқибатида ичимлик суви миқдори кескин камаймоқда. Ҳолбуки, суғориш, саноат ва комунал хўжалик учун чучук сувга бўлган эҳтиёж йилдан-йилга ортиб бормоқда. Охирги йилларда сув истеъмол қилиш дунёда беш карра ошди. Дунё аҳолисининг кўпайиб бориши натижасида сув танқислиги юзага келмоқда. Бир вақтлар сув билан таъминланиш 90 фоиз бўлган бўлса, бугун у 60-50 фоизга камайиб кетди.

Бугунги кунда дунёнинг турли мамлакатларида тоза ичимлик суви етишмаслиги оқибатида истеъмолга яроқсиз, ифлосланиш даражаси ўта юқори бўлган сув истеъмолидан фойдаланган аҳоли турли касалликларга чалинаётгани ҳам барчамизни сувни асраб-авайлаш, ундан тежаб-тергаб фойдаланиш, уволидан қўрқиш, ундан оқилона ва унумли фойдаланишга даъват этади. Бироқ ҳаттоки одамлар орасида бу ишларга бефарқ, беэътибор кишиларнинг учраб туриши ғоят ачинарлидир. Тоза оқава сувларнинг жойларда узлуксиз оқиб туришига қўл қўйиш, уни истаганча исроф қилиш баъзиларимизнинг кунлик амалимизга айлангандек гўё. Бундай ишларнинг олдини олиш бўйича кенг кўламдаги тарғибот-ташвиқот олиб борилмоқда. Зеро, сувнинг бир томчиси ҳам азиз. Улуғларимиз ҳам “Денгиз ёнида бўлсанг ҳам бир томчи сувни увол қилма”, деб бежизга айтмаган.  

Сувни эъзозлаш, унинг қадри, тоза ва мусаффолигини таъминлаш борасида кенг кўламдаги тарғибот ишларини олиб бориш, аҳолига сифатли ва тоза ичимлик суви етказиб бериш ҳамда бу борадаги ишларни изчиллик билан амалга ошириш Ўзбекистон Экологик партиясининг ўз олдига қўйган муҳим вазифаларидан биридир. Бу борада партия ўз сайловолди дастурида ҳам муҳим мақсад ва вазифаларни белгилаб олган. Партия кенгаши мазкур йўналишдаги ишларни бажариш бўйича ўз режа топшириқлари бўйича саъй-ҳаракатларни олиб бормоқда. 

Хусусан, партиянинг ичимлик сув муаммоси, мавжуд ҳудудлар, қишлоқ аҳолисини марказлашган тармоқлар орқали ичимлик суви билан таъминлашга эришиш, ичимлик сув муаммоси мавжуд ҳудудлар, аҳолининг марказлашган тармоқлар орқали тоза ичимлик суви билан таъминланишининг ахволи ҳамда вилоят сувоқава корхонаси томонидан амалга оширилаётган ишларни кенг жамоатчиликка етказиш, аҳоли, айниқса, қишлоқ аҳолисининг тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш ва ҳудудларда канализация тизимларини ривожлантириш, санитар тозалаш ҳамда чиқиндилар йиғиш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш тизимини самарали ташкил этишга эришиш, сув ва табиий ресурслардан фойдаланиш маданиятини юксалтириш, табиатни муҳофаза қилиш борасидаги миллий анъана ва қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантириш, иқтисодиётнинг барча тармоқларида сувни тежайдиган, шу жумладан, томчилаб суғориш технологиялардан кенг фойдаланишга қаратилган лойиҳаларнинг амалиётга татбиқ этилиши ҳисобига сув сарфини камайтиришга эришиш каби муҳим вазифаларни амалга ошириш режалаштирилган. Асосийси, бу ишлар орқали аҳолининг тоза ва сифатли сувга бўлган эҳтиёжини қондириш, бу борадаги муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш мақсад қилинган. Зотан халқимизда “Сув келтирган элда азиз”, деб бежизга айтилмаган.  

Фарғона вилоятида қишлоқ хўжалиги ерларини суғоришда сувни тежовчи замонавий технологиялардан фойдаланиш, суғоришда томчилатиб, ёмғирлатиб суғориш технологияларини қўллаш орқали сув сарфини бир неча баробарга камайтиришга эришилди. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, вилоятда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, соҳага инновацион технологияларни кенг жалб этиш бўйича 2020 йилда 7 ярим минг гектардан ортиқ майдонда сув тежовчи технологиялар қўлланилди. 4 ярим минг гектар майдондаги гўза ниҳоллари томчилатиб суғорилди. 

Пахта майдонларига сарфланган сув ва бошқа ресурслар миқдори 40-50 фоизга тежалиб, ҳосилдорлик гектарига 15-20 центнерга ошди. Вилоятнинг Фарғона, Тошлоқ, Риштон, Данғара туманларида янги технология кўпроқ майдонларга жорий этилиб, яхши кўрсаткичларга эришилди. Томчилатиб суғориш жорий этилган пахта майдонлари учун фермер хўжаликларига давлат бюджетидан 7,2 миллиард сўм ажратиб берилди. 

Шундан келиб чиқиб, 2021 йилда Фарғона вилоятида бу усулни қўллаш ўтган йилга нисбатан 5 баробарга оширилади. Яъни, 40,2 минг гектарга етказилади. Бунинг натижасида экинларни суғориш учун сарфланадиган 298 миллион куб метр сув ресурслари, 7,2 минг тоннагача минерал ўғитлар, 4,5 минг тонна ёқилғи мойлаш маҳсулотлари иқтисод қилинади.  

Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида ҳам вилоятда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борадаги вазифаларни амалга оширишда Экологик партия Фарғона вилояти кенгаши ҳам доимо ташаббус кўрсатиб, аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланишига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Партиядан сайланган депутатлар кўмаги билан тоза ичимлик суви етиб бормаган ҳудудларга сув олиб келинмоқда. 

Таъмир талаблари эса таъмирланиб, ичимлик сувининг узлуксиз бўлишига шароит яратмоқда. Жумладан, Фарғона вилоятининг энг олис ҳудуди саналган Сўх туманига ҳам Ўзбекистон Экологик партияси ташаббуси ва тавсияси билан тоза ичимлик суви кириб бормаган қишлоқларга сув олиб кириш вазифаси йил дастурига киритилиб, бу борадаги ишлар амалга оширилди. 

Натижада 2020 йилдан 2021 йилга қадар туманнинг Ғазнов қишлоғига 2600 метр, Тул қишлоғига 5000 метр, Сариканда қишлоғига 18 минг метр, Ровон, Истиқлол Навобод, Янгиариқ, Офтобру қишлоқларига 2100 метр, Ўроқободга 9800 метр, Чашма, Демурсад, Чумоқча, Гулистон қишлоқларига 29 минг 400 метр тоза ичимлик суви тармоғи тортилиб, аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди. Жорий йилда ҳам “Обод қишлоқ” дастури доирасида туманда яна Соҳибкор, Лембур қишлоқларининг тоза ичимлик суви билан таъминланиши белгиланган.  

Фотима ЎКТАМОВА,  

Ўзбекистон Экологик партияси масъул ходими.