Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси томонидан 2025 йилнинг 11 август санасида қабул қилинган “Маҳаллаларда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасига оид қонунбузилишларнинг олдини олиш юзасидан жамоатчилик назоратини таъминлаш ҳамда ваколатли органларга хабар бериш тўғрисида”ги қўшма қарор ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро вилоятида ҳам кенг кўламли амалий ишлар ташкил этилмоқда.
Жумладан, вилоят ҳудудидаги 40 дан ортиқ маҳаллаларда аҳоли ўртасида ичимлик сувидан оқилона фойдаланишга бағишланган кенг қамровли тушунтириш тадбирлари ўтказилаётир.

Тадбирлар давомида аҳолига ичимлик сувининг ҳаёт учун беқиёс аҳамияти, уни тежаш ва асрашнинг зарурлиги ҳақида батафсил маълумотлар етказилди. Ушбу бебаҳо неъматдан тежамкорлик билан фойдаланиш ҳар бир фуқаронинг фуқаролик бурчи ҳисобланади.
–Учрашувлар давомида сув таъминоти тармоқларига ноқонуний уланиш, ҳисоблагичсиз фойдаланиш, сувдан исрофгарчилик билан фойдаланиш ҳолатлари қонунчиликка зид экани алоҳида таъкидланди, –дейди Инспекциянинг Ичимлик сувини ишлаб чиқариш ва етказиб беришнинг технологик талабларига риоя этилишини назорат қилиш шуъбаси бош мутахассиси Санжар Равшанов. – Ичимлик сувидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлиши, белгиланган тартибда жарима чоралари қўлланилиши мумкинлиги ҳақида аҳолига тушунтирилди. Шунингдек, фуқароларга хонадонларда сув тежовчи мосламалардан фойдаланиш, носоз қувурларни ўз вақтида таъмирлаш, ортиқча сарф-харажатларнинг олдини олиш бўйича амалий тавсиялар берилди.

Зеро, ҳар бир фуқаро сувдан оқилона фойдаланса, бу нафақат бугунги кун, балки келажак авлодлар учун ҳам соғлом, барқарор ва хавфсиз ҳаёт муҳитини яратишга хизмат қилади.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири