Бухоро вилоят Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси ҳамда “Бухоро сув таъминоти” акциядорлик жамияти ходимлари ўзаро ҳамкорликда ҳудудларда аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш ҳамда оқова сув хизматларидан қонуний ва оқилона фойдаланиш қоидаларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида мунтазам равишда назорат ва рейд тадбирларини амалга оширмоқда.
Навбатдаги комплекс рейд тадбирлари Бухоро туманида жойлашган “Зарманоқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ташкил этилди. Тадбир доирасида аҳолининг марказлашган ичимлик суви таъминоти тизимига уланиш ҳолати, ҳисоблагичлардан фойдаланиш маданияти, қонуний шартномалар асосида хизматлардан фойдаланиш тартиби ҳамда оқова сув тармоқларига уланиш атрофлича ўрганилди. Текширувлар натижасида маълум бўлишича, мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи 1204 нафар истеъмолчи марказлашган ичимлик суви таъминоти тизимига қонуний тарзда уланган. Шу билан бирга, рейд жараёнида 1 нафар фуқаро томонидан водопровод тармоғидан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолати аниқланиб, белгиланган тартибда расмийлаштирилди.

Худди шундай назорат тадбирлари Когон шаҳридаги “Махтумқули” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ҳам ўтказилди. Мазкур ҳудудда ҳам аҳолининг ичимлик суви таъминоти тизимидан фойдаланиш ҳолати ўрганилиб, натижада 1105 нафар истеъмолчи марказлашган ичимлик суви тармоғига улангани маълум бўлди. Текширув давомида 1 нафар фуқаро томонидан ичимлик суви тармоқларидан қоидабузарлик билан фойдаланиш ҳолати қайд этилди ва қонунчиликка мувофиқ расмий чоралар кўрилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-сонли қарори талабларига мувофиқ, ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш, ҳисоблагич ускуналарини ноқонуний ўзгартириш, тармоқларга рухсатсиз уланиб фойдаланиш қатъиян тақиқланади ва бундай ҳолатлар қонунчиликда белгиланган тартибда маъмурий ҳамда бошқа турдаги жавобгарликка сабаб бўлади.

Аниқланган қоидабузилиш ҳолатлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 163-моддаси 1-қисмига асосан ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий жарима чораси қўлланилди. Шунингдек, уларга қонунчилик талабларига биноан коммунал хизматлардан қонуний фойдаланиш тартиби ҳамда жамоат манфаатлари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.

Айни пайтда ҳудудларда ичимлик суви ва оқова сув тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ҳолатларини барвақт аниқлаш, қоидабузарликларнинг олдини олиш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни ошириш, ҳисоб-китоб интизомини мустаҳкамлаш ҳамда коммунал инфратузилма барқарорлигини таъминлашга қаратилган назорат ва профилактика тадбирлари тизимли равишда давом эттирилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА