Ичимлик сувидан ноқонуний фойдаланиш ман қилинади
Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидаги Янгидиёр маҳалласида ўтказилган навбатдаги текширувда икки нафар фуқаро — Қ.Р. ва Б.А. ичимлик сувига ноқонуний улангани аниқланди.
Натижада сув ўғриларининг ҳар бирига 8 миллион 240 минг сўмдан жарима солинди.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 163-моддасида бу ҳақда аниқ ёзилган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги “Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида ичимлик сувига рухсатсиз уланиш мутлақо ман этилади.

Мамлакатда сув тежалмоқда. Деҳқон сувни узоқдан тортиб келяпти, экин даласидаги ҳар туп ниҳолни томчилатиб суғораяпти. Аҳолига сув белгиланган вақтларда бериляпти. Шундай пайтда қонунни четлаб, сувдан хоҳлаганича ва текинга фойдаланиш — бу жиноят!
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири