“Тошкент шаҳар сув таъминоти” АЖ томонидан журналист ва блогерлар учун “Қибрай” сув иншоотига пресс-тур ташкил этилди. Унда мутахассислар томонидан мазкур иншоотнинг пойтахт аҳолисини ичимлик суви билан таъминлашдаги аҳамияти, унинг техник ва технологик имкониятлари, сўнгги йилларда бу ерда амалга оширилган лойиҳалар, ободонлаштириш ишлари таништирилди.
Қайд этилишича, “Қибрай” сув иншооти ер ости сув манбаи ҳисобланади ва 1955 йил май ойида ишга туширилган. Бу йил унинг фаолият бошлаганига 70 йил тўлди. Иншоот “Чирчиқ” дарёсининг Қибрай ва Юқори Чирчиқ туманларидан ўтган қисмида, яъни, дарёнинг ўнг қирғоғида 110 гектар, чап қирғоғида 169,6 гектар ер майдонларида жойлашган. Унинг умумий майдони 279,6 гектар ердан иборат. Пресс-турда ОАВ вакилларига дастлаб иншоотнинг диспетчерлик хизмати фаолияти таништирилди. Бу ерда барча жараёнлар компьютерлаштирилган бўлиб, ходимлар томонидан ҳар бир жараён назоратга олинган.

– Иншоотнинг кунлик сув бериш қуввати 456 минг куб метрга тенг. Ушбу ҳажмдаги сув ер остидан 83 та қудуқ орқали тортиб олинади, – дейди “Қибрай” сув иншооти бош муҳандиси Нодир Муҳамеджонов. – Айни кунда талабдан келиб чиқиб истеъмолчиларга бир кеча кундузда 230 минг куб метр атрофида сув узатилмоқда. Олинган сувни зарарсизлантириб тармоқлар орқали аҳолига узатиш учун ҳозир бу ерда 2 та тиндиргич, 2 та инфильтрацион ҳовуз, 23 километр узунликдаги инфильтрацион ариқ, ҳажми 400 миллиметрдан 1 минг 400 миллиметргача бўлган 35,4 километр узунликдаги тармоқлар, хлорлаш, сув захира омбори ва бошқа хўжаликлардан фойдаланилади.

2007-2008 йиллар Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки томонидан берилган имтиёзли кредитлар ҳисобига I-босқич насос станциялари реконструкция қилиниб, “FLUGT” компаниясининг 62 дона насос қурилмалари ўрнатилди. I-босқич насос станцияси, сув қувурларидан масофадан маълумот олиш ва бошқариш тизими ишга туширилди. Иншоот имкониятларини кенгайтириш, ундан самарали фойдаланиш, энг асосийси, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш мақсадида яна қатор лойиҳалар амалга оширилди.

Хусусан, электр таъминоти ишончлилигини ошириш мақсадида 4750 метр узунликдаги юқори кучланишли кабеллар янгиланди. Ўнта биринчи босқич насос станциялари бинолари, шунингдек, иншоотнинг ўнг ва чап қирғоғини боғловчи кўприк ҳам капитал таъмирланди. Франциянинг “Suez” компанияси билан ҳамкорликдаги “Тошкент шаҳар ичимлик сув ва оқова сув тармоқларини трансформация қилиш” лойиҳасига асосан “Қибрай” сув иншоотида ҳам қатор ишларга қўл урилди. Шунга асосан бу ерда қудуқларда профилактик техник хизмат кўрсатиш ва жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун стандарт иш тартиби ишлаб чиқилмоқда.
Қудуқларнинг маҳсулдорлигини ошириш учун кўчма сарф ўлчагич, кўчма босим ўлчагичлар, кўчма сатҳ датчиклари, кўчма энергия ўлчагичлар каби ускуналар тақдим етилади. Иншоотнинг 6 та чиқиш нуқтасида ва Қодирия бош сув иншооти билан ўзаро кесишган 1 та нуқтада сарф ўлчагичлари ўрнатилади. Бу иншоотда сув йўқотишларини, шунингдек, иншоотдан шаҳарга кириш нуқталари ўртасидаги сув балансини назорат қилиш имконини беради.

Пресс-тур давомида иштирокчилар тоза сув чиқарилаётган қудуқлардан бирида ҳам бўлди. Мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан жавоблар олди. Охирги вақтларда аҳоли орасида пойтахт ҳудудида ичимлик сувининг сифати ёмонлашгани, айрим оилалар хонадонларда ичимлик сувига махсус фильтр қўйишга мажбур бўлаётгани каби ҳолатлар асоссиз экани айтилди. Журналистлар қудуқдан сув ичиб, унинг тозалигига яна бир бор гувоҳ бўлди.
А.Мусаев,ЎзА.