Ичимлик суви таъминоти масофадан бошқарилмоқда
Ушбу тизим тўлиқ ишга тушганига бир ойдан озроқ вақт ўтди.
Жиззах вилояти “Сув таъминоти” масъулияти чекланган жамиятнинг Зарбдор туман филиалида мамлакатимизда биринчи бўлиб ичимлик сувига Жанубий Корея республикаси мутахассислари билан ҳамкорликда “SKADA” номли масофадан бошқариладиган рақамли технология жорий этилди.
Натижада корхонадан 80 километр масофада жойлашган 15 та артезиан қудуқларидан олинаётган ичимлик суви миқдори ва сарф қилинаётган электр энергияси қувватининг реал вақтдаги ҳисоботи туман марказидаги офис сервери ва компьютерларида қайт этиб борилади.
Ушбу тизим тўлиқ ишга тушганига бир ойдан озроқ вақт ўтди. — дейди Жиззах вилояти “Сув таъминоти” МЧЖ раиси Зокир Мамарасулов. — Янги дастур тўлиқ рақамли технологияларга асосланган. Тизим ишга тушиши билан ичимлик суви ва электр токи сарфи бир неча баробарга иқтисод қилинмоқда ҳамда сув бормайдиган хонадонларга ҳам сув етиб бориш имкони вужудга келди.
Янги технология ўрнатилганга қадар қудуқларга 6 нафар ходим хизмат кўрсатган бўлса, энди уларни 2 нафар ходим уддаламоқда. Бу ишдан қисқартирилган ходимлар навбатчиликка ўтказилиб, бўш вақтларида корхона ҳудудидаги 2,5 сотих иссиқхонада ўз оилалари ва жамоаси учун қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштираётир.
Шунингдек, корхонанинг “Тараққиёт” ҚФЙ ва марказий сув иншоотига замонавий ахборот технологиялар асосида автоматик равишда бошқарилувчи Кореянинг рақамли хлорлаш ускунаси ўрнатилди. Ускуна сувни зарарсизлантирадиган хлорни оддий ош тузидан ажратиб олади. Ускуналар ичимлик сувини зарарлантириш учун хлорни белгиланган меъёрда ишлатади ва истеъмолчиларга сифатли сув узатади. Бу бугунги пандемия даврида аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминлашда жуда асқотмоқда.