Сирдарё вилоятида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва канализация тизимини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси ҳамда Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қўшма мажлисида муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, сўнгги етти йил давомида вилоятда ичимлик суви билан қамраб олиш даражаси 63,9 фоиздан 87,7 фоизга оширилиб, 453 мингдан зиёд аҳолининг сув таъминоти яхшиланди.
2024 йилда 37 миллиард сўм маблағ ҳисобига 9 та янги сув иншооти қурилиб, 62 км ичимлик суви тармоқлари тортилиб, 12 минг аҳолининг таъминоти яхшиланди. Шунингдек, 8 минг нафар фуқаро биринчи марта тоза ичимлик сувига эга бўлди.

2025 йилги ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида яна 43 миллиард сўм йўналтирилиб, 12,4 км ичимлик ва 3,3 км оқова сув тармоқлари ҳамда 1 та янги сув иншооти қурилиши белгиланган.
Шу билан бирга, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан жорий йилда 66 км ичимлик, 22 км оқова сув тармоқлари ва 87 та янги сув иншооти қурилиши, шунингдек, 343 та мавжуд иншоотга зарарсизлантириш ускуналари ўрнатилиши кўзда тутилган.

Қурилиш ва таъмирлаш ишларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида ҳар бир объектга маҳаллий Кенгаш депутатлари бириктирилиб, назорат кучайтирилган.
Мажлисда шу билан бирга йўл қўйилган камчиликлар ва ҳал этилиши лозим бўлган масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, мавжуд сув иншоотларининг 11 фоизи, ичимлик сув тармоқларининг эса қарийб 17 фоизи таъмирталаб ҳолда экани қайд этилди. Айниқса, Гулистон шаҳридаги сув иншоотларининг 40 фоизи, Боёвут туманида 28 фоизи, Ховос туманида 20 фоизи 1970-1980 йилларда қурилгани ва ҳозирги талабларга жавоб бермаслиги қайд этилди.

Шунингдек, 292 км оқова сув тармоқларининг 45 км қисми – яъни 15 фоизи таъмирталаб ҳолатда бўлиб, буларнинг катта қисми Оқолтин (21 фоиз), Янгиер (19 фоиз), Ширин (19 фоиз) ва Гулистон (13 фоиз) шаҳарларига тўғри келади.
Энг ташвишлиси, Мирзаобод туманидаги Баҳористон ва Йўлдошобод, Ховос туманидаги Шарқобод, Сардоба туманидаги Зомин, Тўрт том, Гулистон туманидаги Зарбдор ҳамда Сайхунобод туманидаги Янгиобод маҳаллалари ҳанузгача тоза ичимлик суви билан таъминланмаган.
Йиғилиш якунида сенатор ва депутатлар томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида қўшма қарор қабул қилинди. Унда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, канализация тизимидан самарали фойдаланиш ҳамда мавжуд инфратузилмани тубдан янгилаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Ғулом Примов, Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат),
ЎзА мухбирлари