Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманидаги Андижон, Обод ва Мустақиллик маҳаллаларида тоза ичимлик суви билан боғлиқ кўп йиллик муаммо ҳал этилди. Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди кўмагида, давлат ижтимоий буюртмаси асосида ушбу ҳудудларда 3,5 километрлик сув тармоғи тортилиб, 50 куб метр сиғимдаги сув миноралари, 3 та қудуқ ва махсус электр линиялари барпо этилди.
Бугун мазкур сув иншоотларининг фойдаланишга топширилиши муносабати билан Андижон маҳалласида тантанали тадбир ўтказилди. Унда парламент комиссияси аъзолари, давлат идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва маҳаллий аҳоли иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Адҳам Шодмонов ушбу лойиҳа доирасида 10 мингга яқин аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланганини таъкидлаб, сўнгги беш йилда парламент комиссияси томонидан бутун мамлакат бўйлаб шунга ўхшаш қатор муҳим лойиҳалар амалга оширилганини қайд этди.
[gallery-24460]
– Энг қувонарлиси — фақат 3 та маҳалла эмас, балки уларга туташ ҳудудлар аҳолиси ҳам санитария талабларига жавоб берадиган ичимлик сувидан фойдаланиш имконига эга бўлди. Бу давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги самарали ҳамкорлик натижасидир, – деди депутат.
Ушбу лойиҳа доирасида жамоат фонди томонидан умумий 3,5 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, бу нафақат сув инфратузилмасини барпо этиш, балки аҳолининг кундалик турмушини яхшилашга ҳам хизмат қилмоқда.
"Андижон" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдусалим Абдусаломов маълум қилишича, сўнгги икки мавсумда маҳалла “Ташаббусли бюджет”да қатнашиб, 3 миллиард сўм маблағ ютган ва бу маблағ ҳисобига 4 километрлик йўлга асфальт ётқизилган. Энг муҳим муаммо — тоза ичимлик суви эса жамоат фонди кўмагида ҳал этилган.
Маҳалланинг меҳнат фахрийси Тозагул Олтибоева бу ўзгаришларни тарихий воқелик сифатида баҳолар экан, қуйидагиларни таъкидлади:
– Илгари сув учун 7 километр йўл босиб, қўшни қишлоққа боришимизга тўғри келарди. Қишда — қиров, ёзда — жазирамада қийналардик. Бугун эса хонадонларимизга сув келмоқда.
Қайд этилишича, маҳаллалар аҳолиси 25–30 йилдан буён ичимлик сувига муҳтож ҳолда яшаб келган. Янги қудуқлар ва сув миноралари орқали эса бу муаммога барҳам берилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/qRQHnV5_cAI" title="Ichimlik suvi muammosi hal etildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ғулом Примов, Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат-видео) ЎзА мухбирлари