Сирдарё вилоятида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, Гулистон шаҳридаги айрим маҳаллаларда эскирган ва хизмат муддати ўтган сув қувурлари босқичма-босқич янгиланмоқда. Бу орқали нафақат хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, балки узлуксиз ичимлик суви етказиб бериш тизимини такомиллаштириш мақсад қилинган.
Маълумотларга кўра, умумий қиймати 36 миллиард сўм бўлган мазкур лойиҳа доирасида 67 километр ичимлик суви қувурларини алмаштириш режалаштирилган. Айни пайтда "Улуғ йўл", "Нурафшон", "Янги ҳаёт", "Қорапчи" ва "Maданият" маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида ичимлик сув қувурлари тортилиб, ишлар жадал суръатларда олиб борилмоқда.
[gallery-23370]
Ҳозирга қадар 26 километрга яқин янги сув қувурлари тортилиб, 300 га яқин хонадон ичимлик суви тармоғига уланди. Шунингдек, ҳар бир уйга замонавий сув ҳисоблагичлари ўрнатилиб, сувдан оқилона фойдаланиш учун зарур шарт-шароит яратилди.
– Улуғ йўл маҳалласига 1980 йилларда ўрнатилган эски қувурлар чириб, яроқсиз ҳолга келиб қолганди. Президентимиз эътибори сабаб мана бу йил тоза ичимлик суви билан боғлиқ муаммомиз амалий ечим топди. Бунинг учун давлатимиз раҳбарига раҳмат дейди, – "Улуғ йўл"лик меҳнат фахрийси Абдусамад Шодиев.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, лойиҳа тўлиқ амалга оширилгандан сўнг, аҳолига тоза ва сифатли ичимлик суви узлуксиз етказиб берилади. Бу эса фуқароларнинг турмуш даражасини яхшиланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/HVsGIO9ID00" title="Ichimlik suvi muammosi bartaraf etilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ғулом Примов, Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат), ЎзА мухбирлари