Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ичимлик суви ҳақини вақтида тўланг!
14:57 / 2023-05-16

Ёз мавсумида ичимлик сувига бўлган талаб янада ортади. Натижада аҳоли томонидан ичимлик сув тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ҳолатлари ҳам кўпайиши кузатилади. Бу эса ўз навбатида ичимлик сувининг аҳолига бир меъёрда тақсимланишига, босимнинг пасайишига ва норозиликнинг кучайишига олиб келади.

Бугунги кунда сув таъминоти корхоналари томонидан 4 ярим миллион нафар истеъмолчига хизмат кўрсатиб келинаётганлигини ҳисобга олсак, истеъмолчиларнинг 2,5 миллион ёки 56 фоизида кўрсатилган хизматлар бўйича қарздорлик мавжуд.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, қарздор истеъмолчиларнинг 2,2 миллион нафари ёки 89,1 фоизи 1 миллион сўмгача, 244 минг нафари ёки 9,9 фоизи 1 миллион сўмдан 5 миллион сўмгача, 24 минг таси ёки 1 фоизи 5 миллион сўмдан юқори қарздорликка эга.  

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзсувтаъминот” АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов иштирокида ўтказилган брифингда шулар ҳақида маълумот берилди.  

Таъкидланишича, бугунги кунда юқори қарздорликка эга истеъмолчилар билан ишлаш тизими йўлга қўйилган бўлиб, уларга огоҳлантириш хатлари юборилган ҳолда тармоқдан узишгача бўлган чоралар кўрилмоқда. Шуни инобатга олган ҳолда “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раиси С.Саифназаровнинг тегишли топшириғига асосан республика ҳудудларида маҳаллий ҳокимлик вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек, бошқа ҳамкор ташкилот ходимлари билан биргаликда ичимлик сувидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини қонунчиликда белгиланган тартибда ўрганиш, уларга қонуний чора кўрилиши юзасидан назорат-рейд тадбирлари ташкиллаштирилган.  

Хусусан, олиб борилган рейд тадбирлари натижасида бугунги кунга қадар 1 055 та ичимлик ва оқова сув тизимларига ноқонуний уланиш ҳолатлари аниқланган бўлса, бунинг натижасида 3 миллиард 880 миллион сўм зарар етказилган. Аниқланган қонун бузарлик ҳолатларининг 260 таси юридик ташкилотлар ҳиссасига, 795 таси эса жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келади. Маълумки, қонунчилигимизда истеъмолчиларнинг ичимлик сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати учун ҳар ойнинг 10-санасига қадар кейинги ой учун 100 фоиз олдиндан ҳақ тўлаши лозимлиги белгиланган.  

Аммо айрим истеъмолчилар томонидан қонунчиликка бирдек амал қилинмаётгани сабабли республикада истеъмолчиларнинг дебитор қарздорлиги тобора ошиб бормоқда. Рақамларга мурожаат қилинадиган бўлса, бугунги кунда бу миқдор 1 триллион 363 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Шундан 1 триллион 140 миллиард сўм аҳоли ҳиссасига тўғри келса, 223 миллиард сўм миқдордаги дебитор қарздорлик юридик ташкилотлар ҳиссасига тўғри келади.  

Таъкидлаш жоиз, сув таъминоти корхоналарининг молиявий-иқтисодий аҳволига бевосита таъсир кўрсатаётган дебитор қарздорлик ҳолатларини қисқартириш учун қонуний чоралар кўрилмоқда. Жумладан, жорий йил 12 май ҳолатида дебитор қарздорликни ундириш мақсадида 3 347 та фуқарога нисбатан 14 миллиард 838 миллион сўмлик зарар ундирилиши бўйича судга даъво аризалари киритилган бўлиб, жами 2 923 кишига нисбатан 7 миллиард 751 миллион сўмлик етказилган зарар ундирилиши тўғрисида суд қарори қабул қилинган.

Қайд этилишича, юқоридаги ҳолатларнинг ижобий ечими аввало аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифатини янада ошириш, ичимлик суви таъминотининг бир маромда тақсимланиши, марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш қамровининг янада кенгайишига олиб келади. Қолаверса, барчамизнинг ичимлик сувидан оқилона фойдаланишимиз ва тўловларни ўз вақтида амалга оширишимиз ташкилот моддий техник базасининг яхшиланиши ҳамда соҳада меҳнат қилаётган ходимлар ойлик маошларининг ўз вақтида етказилишида ҳам муҳим аҳамият касб этади.  

Нилуфар Бозорова, ЎзА