Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ичимлик суви бир кун келиб тугаши мумкин!
18:04 / 2026-01-21

Бу муаммонинг олдини олиш учун ҳамма бирдек масъул

Эрталаб жўмракни очсангиз-у, сув тушмаса... Гарчи, вақтинча ҳолат бўлса-да, бундан ҳолат бир талай муаммоларни келтириб чиқаради. Кун келиб, шу жўмраклардан умуман сув келмай қолишини эса тасаввур қилиб кўраверинг, энди...

Афсуски, шундай вазиятга тушишимиз ҳам мумкин экан. Зеро, ичимлик суви танқислиги аллақачон глобал масалга айланган. Ташвишланарлиси, Ўзбекистон ҳам бу муаммодан четда эмас.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда бутун дунё жамоатчилигини ичимлик суви билан боғлиқ вазият хавотирга солиб келмоқда. Иқлим исиши, сув ресурсларидан тартибсиз фойдаланиш жиддий инқирозга етаклаши аниқ. Яъни, миллионлаб инсонлар ҳаёти хавф остида қолади, ўта хавфли ижтимоий-иқтисодий оқибат юзага келади. Ичимлик суви билан боғлиқ жорий вазият ва дунё аҳолисини кутаётган эҳтимолий хавф-хатар хусусида “Ўзсувтаъминот” АЖ Ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов билан суҳбатлашдик.

– Ичимлик суви танқислиги бўйича дунёдаги жорий вазият қандай? Ушбу муаммодан қайси давлатлар кўп азият чекяпти?

– Маълумки, сайёрамиздаги мавжуд сувнинг 2,5-3 фоизини чучук сув манбалари ташкил этади. Ушбу кўрсатилган фоизларнинг тенг ярми асрлар давомида йиғилиб ётган музликлар ҳисобига тўғри келади. Шундай экан, 1,25-1,5 фоиз чучук сув манбаидан бугунги кунда бутун дунё аҳолиси фойдаланиб келмоқда. Бу инсон омили ортиб бораётган (истеъмол ҳажми), ишлаб чиқариш корхоналари сони кескин кўпаяётган (корхоналарнинг 90 % чучук сув манбаларидан фойдаланади) ва экологик вазият дақиқа сайин ёмонлашиб бораётган бир пайтда сувга нисбатан муносабатимизни кординал ўзгартиришимизни талаб этади.

Жаҳон банки таҳлилларига кўра, 2030 йилга бориб сув танқис мамлакатлар сони 33 тага етади (ҳозирда  бу давлатлар сони 26 та) ва бу рўйхатда Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан Ўзбекистон киради деган тахминлар бор. Бу бежизга эмас!

Сабаби, барча йўналишлардаги фойдаланиладиган сувларимизнинг бор йўғи 20 фоизи ўзимизда шаклланишини, яъни юртимиз ҳудудида захира ҳосил бўлишини ҳисобга олсак, бу катта ва муҳим сигнал ҳисобланади. Қолаверса, ичимлик сувидан мақсадсиз фойдаланиш, чучук сув захриларига илмсизлик оқибатида зарар етказиш, сув билан боғлиқ соҳаларни ислоҳ қилишда жуда секин ҳаракатлар олиб бориш бу борада яна бир бор ўйлашга мажбур қилади кишини. 

Яна бир факт – бугунги кунда дунё аҳолисининг 2 миллиардга яқини санитар тоза сувдан фойдаланиш имконига эга эмас. Бу рақам ҳам кишилик жамиятини бир муддат ўйлашга, сувга нисбатан ҳар соҳада ёндашувни тўғри ташкил этишга ундайди.

Сувсизлик кўплаб давлатлар учун асосий муаммога айланади. Айниқса, Африка, Яқин Шарқ, Жанубий Осиё мамлакатлари учун бу оғир кечиши кутилмоқда. Ҳозирда 2 миллиарддан ортиқ инсон сув танқис бўлган мамлакатларда яшайди ва уларнинг ичимлик суви ва канализация етишмовчилигидан азият чекмоқда.

– Бу муаммо Марказий Осиё давлатлари, хусусан Ўзбекистон учун қанчалар хавфли? 

Марказий Осиё йирик сув ҳавзалари, хусусан океан ва денгизлардан узоқда жойлашган. Ҳар бир давлат иқтисоди, саноати, айниқса фуқаролари турмуш шароити учун сув жуда муҳим ўрин тутади. Минтақамиз давлатлари, хусусан Ўзбекистонда сув масаласи ниҳоятда жиддий бўлиб, Амударё ва Сирдарё 75 миллиондан зиёд аҳолининг ҳаёт-мамот масаласини белгилайди. Ўз-ўзидан равшан, бу миқдорнинг асосий қисми Ўзбекистонда яшайди. Демак, сувсизлик таҳдидини тўғри таҳлил қилиб, чучук сувдан тежаб-тергаб фойдаланиш биз учун жуда долзарб. Диёримиз йил давомида фойдаланадиган сув миқдори 52-53 миллиард куб/метр. Йиллик сув сарфининг 90 фоизи ирригация, 4-4,2 фоизи коммунал, қолган қисми электр таъминоти ва балиқчилик соҳасига йўналтирилади. Қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, соҳада замонавий тендециялардан фойдаланиш сув сарфи нисбатан камайишига олиб келади. Пировардида ичимлик суви муаммоси билан боғлиқ масалалар ечими борлиги, муаммолар изчил бартараф этиб борилиши аёнлашади.

– Маълумки, иқлим ўзгариши натижасида ер юзи бўйлаб сув муаммоси янада кескинлашмоқда. Бу масала минтақа давлатлари учун қанчалик хавфли?

Иқлим ўзгариши туфайли юзага чиқаётган экология муаммолари бутун дунё бўйлаб долзарб тус олаётган бир пайтда, сув хавфсизлигини таъминлаш Ўзбекистон учун ҳам жуда муҳим. Ҳозир Республикамиз ҳудудидаги сувнинг 80 фоиздан кўпи оқим юқорисида жойлашган қўшни мамлакатлардан келади. Қайта тикланадиган чучук сув манбаларининг атиги 22 фоизи мамлакат ичида жойлашган.

БМТ Сув қўмитаси ва UNESCO биргаликда тайёрлаган ҳисоботга кўра, 2050 йилга бориб сувга нисбатан талаб 20-30 фоиз ўсиши тахмин қилинган. Бу ҳолат демографик ўсиш, иқтисодий ривожланиш, истеъмол тарзи эволюцияси билан боғлиқ. Айни дам сув танқислиги хавфи юқорилигича қолмоқда, чунки ресурсларни бошқаришда камчиликлар бисёр.

Мазкур муаммоларга юртдошларимизда сувдан фойдаланиш маданиятини шакллантириш, оби ҳаётни тежаш, исроф қилмаслик бўйича шахсий масъулиятни шакллантириш орқали ечим топиш мумкин. Айниқса, фарзандларимизга болаликдан ушбу неъматнинг қадрига етиш, сувни асраб ишлатиш, бу бойлик кун келиб тугаб қолиши мумкинлигини бот-бот уқтиришимиз лозим.

Хуллас, ресурслардан оқилона фойдаланиш сув захираси узоқроқ муддатга етишини таъминлашда муҳим омил эканини унутмайлик. Шунингдек, сув захирасини сунъий равишда яратиш йўлларини топиш мақсадга мувофиқ. Жумладан, ёғин сувдан имкон даражада унумли фойдаланиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш устувор вазифага айланиши зарур. Шундай сув захирасини иқтисодиётнинг айрим соҳаларига йўналтириш яхши самара беради. Тоза ичимлик суви мақсадли ишлатилишини ҳам таъминлаш мумкин.

Бинобарин, кун келиб ичимлик суви захираси тугаб қолишининг олдини олиш учун ҳаммамиз бирдек масъулмиз.

Гўзал Сатторова, ЎзА