Тошкент вилояти ҳокими З.Мирзаев “Тошкент вилояти сув таъминоти” акциядорлик жамияти томонидан ўтган йилда амалга оширилган ишлар ҳамда жорий йилга мўлжалланган устувор вазифалар бўйича тайёрланган тақдимот билан танишди.
Мутахассислар томонидан ҳудуд аҳолисини барқарор ичимлик суви билан таъминлаш, мавжуд инфратузилмани модернизация қилиш, энергия самарадорлигини ошириш ва соҳани рақамлаштириш борасида олиб борилган ишлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, бугунги кунда Тошкент вилоятида 3 миллион 108 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Унинг 2 миллион 514 минг нафари, марказлашган ичимлик суви билан таъминланган.
Вилоятда жами 964 та сув хўжалиги иншоотлари мавжуд бўлиб, уларнинг 862 таси ичимлик суви, 59 таси канализация иншоотларидан иборат. Ичимлик суви тармоқларининг умумий узунлиги 8 минг 34,8 километрни ташкил этади. Шундан 2 минг 318,5 километр қисми таъмирталаб. 2025 йил давомида 208,6 километр сув қувурлари таъмирланди.

Шу даврда соҳада моддий-техник базани мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилиб, 37 та махсус авария техникаси харид қилинди, 2 та маъмурий бино қурилиб, фойдаланишга топширилди. Барча давлат дастурлари доирасида жами 20 та лойиҳа амалга оширилди. Ушбу лойиҳалар доирасида 107,6 километр ичимлик суви тармоқлари қурилди ҳамда 29 та ичимлик ва оқова сув иншооти фойдаланишга топширилди.
Қилинган ишлар натижасида 82 та маҳаллада яшовчи 170 минг нафар аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди. Шунингдек, 8 та маҳалладаги 12,3 минг нафар аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланди. Шу билан бирга, йил давомида 27 минг 52 та авария ҳолати тезкорлик билан бартараф этилди. Энергия самарадорлигини ошириш ва тизим барқарорлигини таъминлаш мақсадида АЖ томонидан 29,9 миллиард сўм маблағ сарфланиб, 261 та насос ускунаси, 100 та частота ростловчи қурилма, 1,9 МВт қувватга эга қуёш панеллари, 249 та электр ҳисоблагич ҳамда 116 та трансформатор ўрнатилди ва таъмирланди.
Тақдимотда 2026 йил учун белгиланган устувор вазифалар ҳамда аниқ режалар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, бу йил электр энергияси сарфини қисқартириш устувор вазифа этиб белгиланган бўлиб, ушбу йўналишда 38,5 миллиард сўм маблағ эвазига 209 та энергия тежамкор насос ускуналарини ўрнатиш, 5 МВт қувватдаги қуёш панелларини жойлаштириш, 100 та частота ростловчи қурилма ҳамда 20 та реактив қувватни компенсацияловчи қурилмаларни ўрнатиш режалаштирилган.
Шунингдек, 128 та насосни масофадан бошқариш тизимига ўтказиш кутилган. Мазкур чора-тадбирлар натижасида электр энергияси сарфини йилига 19 миллион кВт/соатга қисқартириш ҳамда ичимлик суви йўқотишларини 1,5 фоизга камайтириш мумкинлиги алоҳида таъкидланди.
Вилоят ҳокими Зоир Мирзаев сув таъминоти тизимини бошқаришда рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш давр талаби эканини алоҳида таъкидлади. Сув йўқотишларини аниқлаш, аварияларни олдиндан прогноз қилиш, энергия сарфини таҳлил қилиш ва бошқарув қарорларини оптималлаштиришда сунъий интеллект муҳим воситага айланиши қайд этилди.
Шу билан бирга, Хитой Халқ Республикасига хизмат сафари ташкил этиб, у ерда жорий этилган илғор сув бошқаруви тизимлари билан танишиш ва уларни вилоят шароитида амалиётга татбиқ этиш бўйича топшириқлар берилди.
А.Мусаев,ЎзА.