Мамлакатимизда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 2023 йилда мазкур йўналишда олиб борилган ишлар натижасида Андижон вилоятининг чекка ҳудудлари, айниқса, ичимлик суви етиб бормаган қатор маҳаллаларга ҳам тоза ичимлик суви етказиб берилди.
Бу ҳақда “Андижон сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти томонидан ўтказилган матбуот анжуманида жамият раҳбари ўринбосари Азизбек Йўлдошев кенг маълумот берди.
Оммавий ахборот воситалари, давлат, нодавлат ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари, блогерлар иштирок этган матбуот анжуманида ўтган йили Андижон вилоятида аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлаш, оқова сув тармоқларини яхшилаш, бу борадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди.

Вилоятда 2023 йилда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматларини яхшилаш бўйича 543 та объектда 579,6 миллиард сўм маблағ ҳисобига 1 минг 560 километр ичимлик суви тармоғи, 27 дона сув иншооти, 24 дона оқова сув иншооти, 334 дона сув қудуғи, 28,6 километр оқова сув тармоғини қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди.
Натижада йил якуни билан вилоятнинг турли туман ва шаҳарларидаги 227 минг нафар аҳоли истиқомат қилаётган 61 та маҳалла ҳудуди илк бор ичимлик суви билан таъминланди, шунингдек, 390 минг нафар аҳоли яшайдиган 113 та маҳаллада ичимлик суви таъминоти янада яхшиланди. Умуман, вилоятнинг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 86,9 фоиздан 91 фоизга, оқова сув тармоғи билан таъминланиш даражаси эса 7,5 фоиздан 8,1 фоизга ортди.
Анжуманда мутахассислар томонидан ичимлик суви сифатини назорат қилиш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, сувдан унумли фойдаланиш, ичимлик суви етказиб беришдаги носозликларни бартараф этиш борасидаги ишлар хусусида ҳам батафсил маълумотлар берилди. Айниқса, сувдан фойдаланганлик учун тўловларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича қатор муаммолар юзага келаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Оммавий ахборот воситалари ходимлари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасадди ва мутахассислардан жавоб олди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари