"Сирдарё сув таъминоти" АЖ жорий йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар, истиқболдаги лойиҳалар, дебитор қарздорликни қисқартириш масалалари юзасидан матбуот анжумани ташкил этди.
"Сирдарё сув таъминоти" АЖ бошқаруви раиси Шаҳбоз Акрамов Сирдарё вилояти аҳолисини тоза сув билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, истиқболдаги лойиҳалар тўғрисида сўз юритди.
Таъкидландики, ичимлик сув таъминоти тизимини ривожлантириш борасида давлатимиз раҳбари томонидан муҳим дастурлар, қарор ва фармонлар имзоланиб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.Бунинг натижасида давлат дастурига киритилган Сирдарё вилоятидаги 67,2 километр сув тармоқлари ва 5 та сув иншоотини қуриш, реконструкция қилиш учун 27,9 миллиард сўм миқдоридаги пул маблағи режалаштирилган.

Шу бугунги кунга қадар дастур доирасида 14,4 миллиард сўм инвестиция маблағлари ҳисобидан 2 объектда 27,7 километр ичимлик ва оқова сув тармоқлари ва 1 та сув иншоотини қуриш белгиланган бўлиб, 20 сентябрь ҳолатига 6,5 миллиард сўм пул маблағи ҳисобидан 15,9 километр ичимлик сув тармоқлари ҳамда 1 та ичимлик сув иншоотида ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Раёсат қарори асосида 3 та объектда 1,7 миллиард сўм пул маблағи ҳисобидан 3,8 километр оқова сув тармоқлари, "Ташаббусли бюджет"нинг 1,3 миллиард сўм маблағи ҳисобидан 11,4 километр ичимлик сув тармоқлари, 1 та сув иншоотида қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилган.

– Маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш давлат дастури доирасида 8 миллиард сўмлик 6 та объектда 20,7 км ичимлик суви тармоқлари ва 3 та сув иншоотларини қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб бориш белгиланган бўлиб, бугунги кунда барча объектда ичимлик суви тармоқларини тортиш, сув иншоотларини қуриш ишлари ниҳоясига етказилди. Ва шу билан бирга 599 та аҳоли хонадонига ичимлик суви тармоқлари уй-хўжалигигача олиб кириб берилиб, сув ҳисоблаш ускуналари ўрнатиш ишлари олиб борилди, — дейди Шаҳбоз Акрамов. — Аҳоли билан ўтказилган учрашувларда чекка маҳаллаларда аниқланган ичимлик суви билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш юзасидан қиймати 1,9 млрд. сўмлик 52 та лойиҳадан иборат корхона маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган дастур ишлаб чиқилди. Унга биноан 13,5 км. траншея қазилди, 13,5 км. тармоқ тортилди, 69 та зулфинлар (задвижка), 27 та насослар тик қудуққа (скважина) ўрнатилди, 18 та щитлар ўрнатилиб, 4 та трансформаторни таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Натижада 24,2 минг нафар аҳоли илк бор тоза ичимлик суви билан таъминланган бўлса, 73,5 минг нафар аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди. Энг муҳими, аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 86,9 фоиздан 89,1 фоизга етказилди.

Аҳолига етказиб берилаётган тоза ичимлик сувининг сифатини назорат қилиб бориш мақсадида лаборатория мутахассислари махсус автомашина билан таъминланган бўлиб, улар томонидан 7925 та намуна олиниб, 6578 та тезкор, 8952 та физик- кимёвий таҳлил ўтказилди.
Матбуот анжуманида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича амалга оширилаётган ишларга ҳам тўхталди. “Сирдарё сув таъминоти” АЖнинг туман (шаҳар)лари томонидан ичимлик суви тармоқларининг 10,4 километри мукаммал, 16,9 километри жорий, насос ускуналарининг 199 таси жорий ва мукаммал таъмирланди. Ва шу билан бирга ичимлик ва оқова сув тармоқлари ҳамда иншоотларида юзага келган носозликлар бўйича мурожаатларни қабул қилиш учун 24/7 режимда иш фаолиятини олиб бораётган диспетчерлик хизмати йўлга қўйилди. Марказлашган ичимлик сув таъминоти бўлмаган аҳоли яшаш пунктлари, шунингдек, ичимлик суви тизимларида носозлик содир бўлган даврларда жамиятнинг 10 та махсус сув ташиш техникаси орқали ичимлик сувини узлуксиз етказиб бериш ишлари амалга оширилади. Шунингдек, сув иншооти ва тармоқларида носозликлар бўлиб, фавқулодда вазият юзага келган тақдирда қўшимча 40 та шахсий сув ташиш техникаси ёрдамга жалб этилади.
Ичимлик сув иншоотлари ва тармоқларида юзага келган носозликларни ўз вақтида бартараф қилиш учун 13 та авария тиклаш бригадасида 65 нафар ишчи- ходим ва 12 та махсус техник хизмат фаолияти йўлга қуйилган бўлса, Фавқулодда ҳолатлар юзага келганда тезкорлик билан бартараф қилиш мақсадида махсус 3 та экскаватор, 4 та юк ташувчи “КАМАЗ” автотранспорт жалб этилиб, 1400 метр сув тармоқлари, 50 дона зулфин (задвижка)лар, 1,5 тонна ёқилғи, 15 дона насослар захираси яратилди.
– Истиқболли режалар тўғрисида гапирадиган бўлсам, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 10 мартдаги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 21 сентябрдаги 486-сон қарори асосида Жаҳон банки (ЖБ)нинг 76 млн доллар миқдоридаги имтиёзли қарз маблағлари ҳисобидан 2023-2027 йилларда Сирдарё вилоятининг Сирдарё, Гулистон ва Сайхунобод туманлари ва Янгиер шаҳрида ичимлик сув таъминоти ҳамда 5 та туман марказида оқова сув таъминоти яхшиланади. 117 та сув олиш қудуқларини қуриш ва реконструкция қилиш, 121 та ичимлик суви минорасини тиклаш, 473 км ичимлик суви тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш, 1 та ичимлик суви насос станциясини реконструкция қилиш, 5 та умумий 16 700 м3/суткали оқова сув тозалаш иншоотларини қуриш, 232,2 км оқова сув тармоқлари қуриш ва реконструкция қилиш, 21 та янги оқова сув насос станцияси қуриш ишлари амалга оширилгач, 242 минг аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланади ва 76 минг аҳоли марказлаштирилган оқова сув тармоқларига уланади, – дейди акциядорлик жамияти раиси.
“Сирдарё сув таъминоти” АЖнинг шаҳар, туман тизимидаги оғриқли масалага ҳам тўхталди. Жамият ва истеъмолчилар ўртасида 38,6 миллиард сўм дебитор қарздорлик мавжуд бўлиб, прокуратура органларида ташкил этилган штаб ёрдами билан 1,3 миллиард сўм миқдордаги пул маблағлари ундирилди. Қолган қарздорлик таҳлил этилганда, айрим ҳолатларда ушбу қарздорлик нореал манбалар ҳисобига шакллантирилгани аниқланди.
Мисол учун, вилоятдаги мавжуд 161 минг 017 та истеъмолчи хатловдан ўтказилганда, 7508 та истеъмолчида 11 миллиард 066 миллион сўм нореал қарздорлик аниқланган. Бунга эса, сув истеъмолчилари томонидан сув истеъмоли билан боғлиқ кўрсаткичлар ўз вақтида Биллинг дастурига киритилмаганлиги сабаб бўлган.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири