Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ичимлик сув таъминоти яхшиланмоқда
16:02 / 2022-11-02

Бухоро вилояти Когон туманида марказлашган ичимлик сув таъминотини яхшилаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Жумладан, сўнгги 5 йил давомида 11,1 километр ичимлик сув қувурлари қайта реконструкция қилиниши натижасида 10 мингга яқин аҳоли марказлашган ичимлик сув билан таъминланди. 66 километр янги ичимлик сув қувурлари ўтказилиши натижасида 7 минг 500 нафар аҳоли вакили илк бор марказлашган ичимлик сув тармоғига уланди.

– 2021 йилда қўшни Навоий вилояти билан чегарадош “Тунироқ” маҳалла фуқаролар йиғинида 51 километр ичимлик сув тармоғи ўтказилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Когон туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Саид Мирзаев. – Бу 680 та хонадон, 5 мингга яқин аҳоли, 1 та мактаб, 1 та мактаб филиали, 3 та мактабгача таълим муассасаси ва бошқа ижтимоий соҳа объектларини илк бор марказлашган ичимлик сув билан  таъминлаш имконини берди. Шунингдек, туманнинг олис ва чекка ҳудудларидан бири “Ўрта чўл” маҳалла фуқаролар йиғинида 5,1 километр масофада ичимлик сув қувурлари ўтказилди. Натижада 82 та хонадонда истиқомат қилаётган 400 нафарга яқин аҳоли вакили, 1 та мактаб филиали ва бошқа ижтимоий соҳа объектлари марказлашган ичимлик суви билан таъминланди.

Тумандаги чўл зонасида жойлашган “Саёз Поён” сув иншооти тўлиқ реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Мазкур иншоотда 4 та замонавий энергия тежовчи насос ускунаси ва ичимлик сувни тозаловчи, юмшатувчи замонавий фильтр мосламаси ўрнатилди. Иншоот қуввати 9600 м3 га етказилди. Аҳоли мурожаатларини “маҳаллабай” ўрганиш мобайнида “Чолоки” маҳалла фуқаролар йиғини, Қасри Орифон қишлоғи аҳолисининг марказлашган ичимлик сув таъминоти тўғрисидаги ҳақли эътирози ва мурожаати жойига чиқиб ўрганилди. 1,7 километр қувур ўтказилди. Натижада мазкур қишлоқдаги 70 та хонадон ичимлик сув билан таъминланди.

[gallery-9391]

Жорий йилда “Обод қишлоқ” Давлат дастури доирасида тумандаги Хўжа Якшаба маҳалла фуқаролар йиғинининг Юқори Хонзи ва Қуйи Хонзи қишлоқларида 21,6 километр янги ичимлик сув тармоқлари “Наврўз–Акмал строй инвест” МЧЖ томонидан ва “Сорғун” маҳалла фуқаролар йиғинининг Сурхиён қишлоғида 9,65 километр янги ичимлик сув тармоқлари “Музаффар” фирмаси томонидан ўтказилмоқда. Бу орқали Хўжа Якшаба маҳалласининг Юқори Хонзи қишлоғида 70 та, Қуйи Хонзи қишлоғида 105 та ва Сорғун маҳалласининг Сурхиён қишлоғида 132 та хонадон ичимлик сув билан таъминланади.

Ҳозирги кунда туманнинг Ниёз Ҳожи маҳалла фуқаролар йиғини, Куржан қишлоғидаги “Куржан” сув иншооти “Наврўз – Акмал” строй инвест” МЧЖ томонидан қайта реконструкция қилинмоқда.

Вилоят ҳокимининг 2021 йил 7 октябрдаги фармойишига асосан Когон тумани ҳокимлиги ҳузуридаги ободонлаштириш бошқармаси томонидан берилган 946 метр қувур ҳисобида “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғини Қизилгул қишлоғига сув тармоғи ўтказилмоқда. Натижада 110 та хонадон марказлашган ичимлик сув билан таъминланади.

Зариф Комилов, ЎзА