English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизими такомиллаштирилади
18:37 / 2023-11-01

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга кўра, қуйидагилар ичимлик сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш соҳасини босқичма-босқич ислоҳ қилишнинг устувор вазифалари этиб белгиланади: 

ичимлик сувни ишлаб чиқаришдан бошлаб якуний истеъмолчига етказиб беришгача бўлган самарали тизимни жорий этиш, ичимлик сувни ҳисобга олиш, сув ҳисоблагичларни тўлиқ ўрнатиш ва йўқотишларни камайтириш, соҳани рақамлаштириш, узлуксиз, сифатли ва хавфсиз хизмат кўрсатилишини таъминлаш; 

тизимдаги ташкилотлар молиявий ва иқтисодий функцияларини мустақил бажаришини кўзда тутган ҳолда корпоратив бошқарув тизимини тубдан яхшилаш; 

соҳада жозибадор инвестиция муҳитини яратиш орқали ичимлик сувни тарқатиш жараёнларида давлат-хусусий шериклик тамойилларини кенг жорий қилиш, соҳага хусусий инвестицияларни жалб қилиш; 

мавжуд сув иншоотлари ва тармоқларига ҳамда якуний истеъмолчиларга сув ҳисоблагичларини ўрнатиш орқали сув ҳажми устидан тўлиқ назорат ўрнатиш, соҳада энергия тежовчи технологияларни ва қайта тикланувчи манбаларни кенг жорий этиш ҳисобига ишлаб чиқариш ҳамда етказиб бериш таннархи ва харажатларини камайтириш;

ичимлик сув таъминоти корхоналарининг операцион самарадорлигини ошириш, дебитор ва кредитор қарздорликларни қисқартириш бўйича тизимли ишларни йўлга қўйиш орқали уларнинг молиявий ҳолатини яхшилаш; 

тариф сиёсатини капитал қуйилмалар ва активларни стратегик бошқариш билан узвийлигини таъминлаган ҳолда, илғор хорижий тажрибага асосланиб такомиллаштириш ҳамда шу орқали соҳани босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштиришга ўтказиш; 

истеъмолчиларнинг тўлов интизомини мустаҳкамлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича жамоатчилик кампанияларини амалга ошириш, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш, соҳада қўлланилаётган нормативлар ва стандартларни замонавий талаблар асосида янгилаш. 

Шунингдек, қарор билан "Ўзсувтаъминот" АЖ ва унинг таркибидаги корхоналар негизида 2024 йил 1 апрелга қадар алоҳида йўналишлар бўйича:

ичимлик сувни ишлаб чиқариш ва магистрал тармоқлар орқали сув етказиб бериш ҳамда сувни ишлаб чиқариш ва магистрал тармоқлар билан боғлиқ бўлган сув объектларини ривожлантириш, шунингдек, эксплуатация қилишни таъминлаш бўйича акциядорлик жамияти шаклида ҳудудий магистрал сув таъминоти ташкилотлари; 

ичимлик сув тармоқлари (магистрал тармоқлардан ташқари) орқали ва (ёки) транспортда истеъмолчиларга сув етказиб бериш, оқова сувларни чиқариб юбориш бўйича хизматлар кўрсатиш, тегишли тармоқларни ҳамда оқова сув тизимларини ривожлантириш ва эксплуатация қилиш бўйича акциядорлик жамияти шаклида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий ичимлик сув таъминоти ташкилотлари ташкил этилади.

ЎзА