Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ичимлик сув таъминоти: андижонлик истеъмолчилар 47 миллиард сўмдан зиёд қарздорликни қачон тўлайди?
15:07 / 2021-11-16

Андижон вилоятида аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда ишлаб чиқариш корхоналарини ичимлик суви билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Биргина жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда барча манбалар ҳисобидан жами 289,3 миллиард сўм ҳисобига 45 та объектда 330 километр ичимлик сув тармоғи тортилди, 38 та янги сув қудуғи қурилди. Шунингдек, 19 та сув қудуғи, 5 та оқава сув тозалаш, 1 та оқава сув насос станцияси ҳамда 23,2 километр оқава сув тармоғи ва 2 та сув иншоотида қурилиш ҳамда реконструкция ишлари амалга оширилди.

Вилоятда сув таъминоти бўйича барча дастурлар доирасида олиб борилган ишлар натижасида 49,5 минг аҳолининг ичимлик суви, 36,5 мингга яқин аҳоли оқава сув хизмати билан илк бор таъминланади, 80 минг нафар аҳолини ичимлик сув таъминоти ҳамда 6,2 минг нафардан ортиқ аҳолини оқава сув таъминоти яхшиланади. Йил якуни билан аҳолини ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 82,4 фоиздан 84 фоизга ортади ва оқава сув билан таъминланиш даражасида 7,1 фоиздан 7,8 фоизга ортиши кўзда тутилган.

Айни пайтда вилоят аҳолисининг 2 миллион 534 минг нафари ёки 82,4 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган, қолган 17,6 фоиз аҳоли муқобил ичимлик сув манбаларидан фойдаланади. Аҳоли ва бошқа истеъмолчиларни ичимлик суви билан таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилиб, имкон қадар сув таъминотида узилишлар бўлишига йўл қўйилмаётган бўлсада, истеъмолчилар томонидан тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилмаётганлиги мазкур йўналишдаги ишларни режа асосида олиб борилишида муаммоларни юзага келтирмоқда.

– Бугунги кунда корхонамиз томонидан вилоятдаги 499 минг 305 истеъмолчига ичимлик суви етказиб берилади, – дейди «Андижон сув таъминот» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Шуҳрат Матмусаев. – Мижозларнинг 493 минг 452 таси аҳоли, 5 минг 853 таси эса хўжалик субъектлари ҳисобланади.
Истеъмол қилинган сув учун аҳолининг 46,5 миллиард сўмдан зиёд, хўжалик субъектларининг эса 600 миллион сўмга яқин қарзи бор. Бу ҳолат албатта, фаолиятимизни самарали олиб бориш имконини чекламоқда. Айниқса, сўнгги ойларда Андижон шаҳри, Андижон ва Асака туманларида тўлов миқдори вилоятнинг ўртача тушум даражасидан паст бўлмоқда.

«Андижон сув таъминот» масъулияти чекланган жамияти томонидан тўлов бўйича юзага келган ҳолатни бартараф этиш, мавжуд 47 миллиард сўмдан зиёд қарздорликни камайтириш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, жамият ходим ва мутахассислари истеъмолчиларнинг фойдаланилган тоза ичимлик сув учун тўловларни ўз вақтида амалга ошириш юзасидан маҳаллаларда аҳоли вакиллари билан учрашув, суҳбат ва мулоқотлар ўтказмоқда, кенг кўламли тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бормоқда.


Андижон шаҳри 4-кичик даҳадаги кўп қаватли уйлар ҳамда Чўлпон 100 йиллиги маҳалласидаги аҳоли вакиллари билан ўтказилган мулоқотларда мутахассислар аҳолига истеъмолчилик бурчи ва мажбуриятлари ҳақида тушунчалар берди, фуқароларни тўловларни амалга оширишда фаол бўлишга чақирди. Истеъмолчилар тўловларни ўз вақтида амалга ошириб борса, сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар юзага келмайди, қолаверса, бу борадаги ишлар сифати янада яхшиланади.
 

Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ,
З.УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА