Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ичимлик сув таъминоти: амалиёт, ислоҳот ва самара
15:27 / 2023-04-06

Мамлакатимизда марказлашган ичимлик сув таъминотини яхшилаш, оқова сувларни чиқариб юбориш хизматларини такомиллаштириш орқали аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, сўнгги 6 йилда аҳолини ичимлик суви билан таъминлашга 10 триллион сўмга яқин маблағ йўналтирилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан 1 176 та сув иншооти ва 20,8 минг километр ичимлик суви тармоқлари тортилди. Натижада аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси ошди. Яъни 2017 йилда  бу кўрсаткич 63,9 фоизни ташкил этган бўлса, айни пайтда 74,4 фоизга етказилди. Ушбу давр мобайнида 8,2 миллион нафар аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланди, 4,8 миллион нафар аҳолининг эса ичимлик суви таъминоти яхшиланди.  

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзсувтаъминот” АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов иштирокида ўтказилган брифингда шулар ҳақида маълумот берилди.  

Қайд этилишича, Президентимизнинг 2019 йил 26 ноябрдаги “Аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини ошириш ва унинг сифатини яхшилаш учун Ўзбекистон Республикасининг сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармонига мувофиқ Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимига кирувчи сув таъминоти давлат унитар корхоналарини масъулияти чекланган жамияти сифатида қайта тузиш орқали “Ўзсувтаъминот” АЖ ташкил этилгани соҳада туб бурилиш ясади. Жамият ташкил этилиши билан соҳада корпоратив бошқарув тизими жорий этилди, барча йўналишлар бўйича ишлар тизимли асосда йўлга қўйилди. Халқаро молия институтлари томонидан молиялаштириладиган лойиҳаларни тайёрлаш, мувофиқлаштириш ҳамда амалга ошириш мақсадида акциядорлик жамияти негизида лойиҳа офиси ҳам ташкил этилди. Шунингдек, бугунги кунда соҳага янги инновацион технологияларни жорий этиш, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш, бошқарув тизимини такомиллаштириш, молиявий ва операцион самарадорликни ошириш ҳамда истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш мақсадида акциядорлик жамияти фаолиятини трансформация қилиш, рақамлаштириш бўйича муайян ишлар бажарилмоқда.  

Хусусан, ҳисоб-китобларнинг шаффофлигини таъминлаш, коррупция ҳолатларининг олдини олиш мақсадида биллинг тизими жорий этилиб, тизим барча тегишли давлат идораларининг базаси билан интеграция қилинган. Сув сифати ва хавфсизлиги мониторинги учун “WATER LAB” ахборот тизими жорий этилиб, республика бўйлаб ичимлик суви сифатини назорат қилиш имконияти кенгайди. Бунинг учун сув таъминоти соҳасидаги барча мавжуд лабораториялар рақамлаштирилди ва ҳужжат алмашинуви, ҳисоботлар электрон тарзда юритилиши йўлга қўйилди. Аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда мурожаатлар бўйича тезкорлик билан ишлаш мақсадида соҳага оид муаммолар ҳақида исталган жойдан хабар бериш имкониятини берувчи "Suvni Asra” мобил иловаси ишга туширилган. Қолаверса, истеъмолчилар учун тўловлар тарихи, шахсий ҳисоб рақам, амалдаги тариф ҳақида маълумот олиш ҳамда тўловларни онлайн тарзда амалга ошириш ва сув ҳисоблагич кўрсаткичларини масофадан туриб юбориш имкониятини яратиш мақсадида “Шахсий кабинет” хизмати ва “UzWater” телеграм-боти ишга туширилган. Шу билан бирга, автотранспорт ва махсус техникалар учун автоматлаштирилган GPS дастури жорий этилган. Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш жараёнларини реал вақт режимида бошқариш ҳамда назорат қилиш, тармоқларда юзага келиши мумкин бўлган авария ҳолатларини барвақт аниқлаш, уларнинг олдини олиш, ичимлик сувининг технологик йўқотишларини қисқартириш, сув таъминоти ва оқова сув объектларининг географик харитасини шакллантириш, уларнинг техник ҳолатини таҳлил қилиш, эксплуатация ва таъмирлаш ишларини мақбуллаштириш мақсадида соҳага SCADA автоматлаштирилган тезкор диспетчерлик бошқарув тизими ва геоахборот тизими жорий этилди.

Брифингда таъкидланишича, сув сарфининг аниқ ҳисобини юритиш, сув йўқотишларини қисқартиш мақсадида қатор хорижий ҳамкорлар билан биргаликда республикамизнинг бир қанча ҳудудларида “ақлли” сув ҳисоблагичларини ўрнатиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам соҳани рақамлаштириш йўлида қўйилган муҳим қадамлардан ҳисобланади. Бундан ташқари, ҳозирда “Катта тўртлик” туркумига кирувчи "Ernst and Young Advisory" компанияси билан биргаликда акциядорлик жамияти фаолиятини трансформация қилиш бўйича 10 та асосий йўналиш белгилаб олинди. Бу борада ишлар изчил давом этмоқда.  

Соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг муҳим қисми сифатида “Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан истеъмолчилар билан ишлаш жараёни ҳам тубдан такомиллаштирилган. Жумладан, аҳоли мурожаатларини кўриб чиқиш ва тезкорлик билан ҳал этиш мақсадида республика бўйича ягона бўлган 12-55 қисқа рақамли колл-марказ ишга туширилган, телеграм ижтимоий тармоғида махсус чат фаолияти йўлга қўйилган. Соҳага оид мурожаатларни акциядорлик жамиятининг расмий веб-сайти орқали юбориш имконияти ҳам яратилган.  

Брифингда Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясига мувофиқ 2026 йилга келиб, республика аҳолисининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини 90 фоизга, оқова сув хизматлари билан қамраб олинганлик даражасини эса 35 фоизга етказиш режалаштирилгани, бу ишлар учун 40 триллион сўм инвестиция жалб қилиш кўзда тутилгани ҳақида ҳам маълумот берилди.  

Нилуфар Бозорова, ЎзА