Ичан-қалъа дунёнинг 9 та ажойиб қалъа шаҳарлари қаторига кирди
Маълумки, Ичан қалъа – Ўрта Осиёдаги йирик ва ноёб меъморий ёдгорликлардан бири бўлиб, мазкур қалъа қурилишида Хива меъморлари томонидан иншоотларни рўпарама-рўпара қуриш услубидан фойдаланилган.
Ичан қалъа меъморий ёдгорликлари ёғоч ўймакорлиги, сангтарошлик, ганчкорлик, сиркор сопол ва бошқа ранг-баранг наққошлик безаклари билан безатилган. Меъморий ёдгорлик сифатида муҳофазага олиниб, 1961 йили музейга айлантирилган. 1990 йилдан Ичан қалъа Бутун жаҳон ёдгорликлари рўйхатидан жой олган.
Маданий мерос агентлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, Ичан-қалъа дунёнинг 9 та ажойиб қалъа шаҳарлари қаторига ҳам кирди.
Қайд этилишича, рейтинг энг нуфузли саёҳат журналларидан бири – “Wanderlust travel magazine” томонидан тузилган. Муаллифлар Ичан-қалъани “масжидлар, саройлар ва миноралар лабиринти” деб атаган ва 5-ўринга қўйган.
ЎзА