Ўзбекистон Либерал-демократик партиясида Осиё сиёсий партиялари халқаро конференцияси (ICAPP) делегацияси ва Корея парламенти аъзолари билан учрашув ташкил этилди. Учрашувда, шунингдек, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Вон До Ён ҳам иштирок этди.
Тадбир чоғида икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш, партиялараро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Меҳмонлар Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнини юқори баҳолади. Хусусан, мамлакатда бозор механизмларини жорий этиш, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва давлат бошқарувини замонавийлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувда O'zLiDeP фаолияти, унинг асосий дастурий мақсад ва вазифалари — барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инновация ва технологияларни жорий этиш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда самарали ижтимоий сиёсат юритиш каби устувор йўналишлар хусусида батафсил маълумот берилди.
Такидлаш жоизки, ICAPP фаолияти тенглик, ўзаро ҳурмат ва манфаатдорлик тамойилларига асосланади. У сиёсий партиялар ўртасида тажриба ва ғоя алмашиш, демократик қадриятларни мустаҳкамлаш, тинчлик ва фаровонликни таъминлашга қаратилган муҳим платформалардан бири ҳисобланади.
Учрашув якунида O'zLiDeP келгусида ҳам ICAPP ташаббусларини қўллаб-қувватлашини ва ташкилот доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА