Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 1 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарори, унда амалга оширилиши белгиланган вазифалар билан танишар эканмиз, қалбимиздан беихтиёр буюк неъмат – мустақиллигимизнинг қадрига етиш, тинч ва фаровон ҳаётимизга шукрона келтириш, обод ва кундан кунга юксалиб бораётган юртимиз равнақидан фахрланиш туйғулари жўш уради.
Энг муҳими, мазкур ҳужжат мазмун-моҳияти замирида халқимизни, шу юртда яшаётган ҳар бир инсонни қадрлашдек эзгу ғоялар мужассамлиги барчамизни қувонтиради.
Кейинги йилларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, одамларнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар, энг аввало, инсонни, ҳар бир фуқарони қадрлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Шу боис ҳам, юртимиз мустақиллигининг 31 йиллик тўйи “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида ўтказилмоқда.
Инсон қадрини улуғлаш ҳақиқатдан ҳам давлатимиз сиёсатининг бош мақсадига айланди. Буни биргина Андижон шаҳридаги “Саховат” кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ихтисослашган интернат уйида олиб борилган ишлар, бу ерда яшаётган инсонларга кўрсатилаётган эътибор, ғамхўрлик, уларнинг турмуш тарзи, ўй-фикрлари мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин.
Айни кунда “Саховат” уйида 93 нафар кекса ва ногирон инсонлар алоҳида-алоҳида хоналарда истиқомат қилади. Уларнинг 39 нафари 1- ва 2- гуруҳ ногиронлари. Ҳатто, бир нечта кексалар оила қуриб яшашади. Муассасада ана шу инсонларнинг яшаши учун зарур барча шароитлар яратилган.
– Муассасада кекса отахон ва онахонларнинг бекаму кўст яшашлари учун барча шароитлар яратилган, – дейди “Саховат” уйи директори Отабек Исмоилов. – Айниқса, уларнинг саломатлигини сақлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 70 нафар шифокор, ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари куну тун уларнинг хизматида.
Бундан ташқари, кексалар ва ногиронларнинг яшаши, саломатлигини тиклаши учун тренажёр зали, физиотерапия, дам олиш, ювиниш хоналари, кутубхона ташкил этилиб, энг замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Шунингдек, барча қулайликларга эга, кенг, ёруғ ва иссиқ ошхонада улар учун мазали таомлар тайёрланмоқда.
“Саховат” уйига вилоятдаги соғлиқни сақлаш муассасаларидан малакали шифокорлар таклиф этилиб, ногиронлиги бўлган, умуман, барча яшовчилар бир йилда икки марта чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади.
– Бир неча йиллардан буён шу ерда яшайман, – дейди 2-гуруҳ ногирони Маъмиржон ота Юсупжонов. – Давлатимизга, бу ерда ишлаётган шифокорларга раҳмат. Биз учун яратиб берилган шароитлардан беҳад мамнунмиз. Айниқса, шифокорларнинг эътибори, ширин сўзлари ўксик кўнглимизни тоғдай кўтаради.
Муассасада турли байрамлар муносабати билан маданий-маърифий ва хайрия тадбирлари ўтказилиши анъанага айланган.
[gallery-8160]
Вилоятдаги кўплаб ташкилот, корхона, таълим муассасалари, маданият уйлари жамоалари вакиллари ташриф буюриб, “Уч авлод учрашуви”, “Кексалар маърифат соати”, “Ҳаёт – ибрат мактаби” каби қатор мавзуларда суҳбатлар, қизиқарли, кўнгилочар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказади, концерт дастурларини намойиш этади. Бундан кекса отахон ва онахонларнинг кўнгли тоғдай кўтарилади.
Жорий йилнинг ўтган даврида муассасада яшовчилар вилоятнинг диққатга сазовор жойларига, хусусан, “Боғи Бобур”, “Қора дарё” дам олиш масканларига, “Қалъа” ёдгорлиги мажмуаси, Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейига, “Мирпўстин ота”, “Имом ота” зиёратгоҳларига саёҳатда бўлди.
Кутубхона – отахон, онахонларнинг энг севимли масканига айланган. Уларнинг кўпчилиги кутубхонанинг доимий аъзоси ҳисобланади. Кутубхонада компьютер мавжуд бўлиб, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси тармоғига уланган. Жорий йилда кутубхонага 15 жуфт стол-стул, 12 та китоб жавони, 16 миллион сўмлик янги китоблар сотиб олинди. Ҳафтанинг сешанбаси муассасада соғломлаштириш куни, деб белгиланган.
Шу куни нафақат ходимлар, балки отахон-онахонлар ҳам спорт билан шуғулланиб, ўз саломатлигини мустаҳкамлайди. Айниқса, “Саломатлик учун 5 минг қадам” тадбирида фаол иштирок этади. Бундан ташқари, муассасада ёрдамчи хўжалик ташкил этилган бўлиб, қизиқадиган кексалар 14 бош қўй, 60 бош ўрдак ва товуқни парваришлашга кўмаклашади. Умуман, муассасада яшаётган кексаларнинг қай бири билан суҳбатлашмайлик, яратилган шароитлар, кўрсатилаётган эътибордан беҳад мамнун эканлигини изҳор этади.
– Бу ерда бир неча йилдан буён яшайман, – дейди Муҳтарамхон ая Раимова. – Ўтган йили Неъматжон ака Юсупов билан турмуш қурдик. Алоҳида хонада яшаймиз. Оилавий яшашимиз учун ҳамма шароитлар яратиб берилган.
Иброҳимжон ота Жўраев асли Балиқчи туманидан. Турмуш ўртоғи оламдан ўтгач, тақдир тақозоси билан шу ерда яшайди. Беньков номидаги Тошкент рассомчилик билим юртини тамомлаган отахон узоқ йиллар З.М.Бобур номидаги вилоят театрида, вилоят қўғирчоқ театрида рассом, ўз вақтида Савдо рекламаси идорасида раҳбар бўлиб ишлаган. Ҳозирда Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси бўлган Иброҳимжон отанинг “Оила”, “Регистон”, “Озодлик”, “Қора Ботир” “Ҳовуз бўйида”, “Муҳаммад Юсуф” деб номланган 20 дан ортиқ мусаввирлик асарлари жуда кўп танлов ва кўргазмаларда юқори баҳоланган. Турли йилларда Андижон тарихи ва маданияти музейида унинг асарлари кўргазмаси ташкил этилган.
– Инсон қадри улуғланаётган юртда яшаётганлигимдан Яратганга шукроналар келтираман, – дейди Иброҳимжон ота тўлқинланиб. – Қаранг, “Мурувват” уйида яшасамда ижод қилишим учун барча шароитлар яратиб берилган. Турли кўргазма, танловларда қатнашаман. Бошимдан ўтган воқеаларни айтсам, катта китоб бўлади.
Лекин на илож тақдиримда бор экан, шу ерда яшаяпман. Очиғи, бу ерда яшаётганлигимдан асло афсусланмайман. Давлатимизга, раҳбарларга раҳмат, кўнглимизга қарашади. Нима ёрдам керак бўлса, беришади. Емоқ-ичмоғимиз бисёр, шифокорлар, ходимлар куну тун хизматимизда. Энг асосийси, бу ерда меҳрни, эътиборни ҳис этиб яшаймиз. Назаримда, инсонга бундан ортиқ ҳеч нарса керак эмас.
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, Зухриддин УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА