Ўмоннинг “Ар-Рўъя” нашри мухбири Иброҳим Ал-Ҳодий Марказий Осиё давлатлари минтақавий ҳамкорлигида сифат жиҳатидан янги босқич кузатилаётганига эътибор қаратди.
– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев минтақа барқарорлигини мустаҳкамлаш, кўп йиллик низоларни ҳал этишда илгари кузатилмаган фаоллик кўрсатди. Унинг раҳбарлигида Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан чегара, сув масалаларига доир эски келишмовчиликлар бартараф қилиниб, тинчлик, яхши қўшничилик келишувлари имзоланди. Минтақада илк бор жиддий чегара муаммолари биргалашиб ечилиши, умумий табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича кўп томонлама битимлар тузилишида намоён бўлган бу жараён Ўзбекистон етакчисининг узоқ муддатли ҳамкорликни кўзлаган стратегик қарашини яққол акс эттиради.
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида минтақада инфратузилма ва энергетика соҳаларида ҳам тарихий ютуқларга эришилди. Ўзбекистонга бир неча бор келиб, бунга шахсан гувоҳ бўлганман. Масалан, Марказий Осиё давлатларини ягона тизимга боғловчи илк электр тармоғи аҳолига арзон энергия етказиб бериш имконини яратди. Трансчегаравий дарёлар сувидан биргаликда фойдаланиш учун илк қўшма сув тозалаш иншооти ишга туширилиши ҳам минтақа тарихида сувдан барқарор фойдаланиш ва эҳтимолий можароларнинг олдини олиш йўлида қўйилган дадил қадамдир. Эндиликда Марказий Осиё минтақанинг барча давлатларини ягона қуруқлиқ транспорти ва темир йўл тармоғи билан боғловчи савдо-логистика лойиҳасига эга. Ҳозир умумий ички бозор яратилиб, юк ва фуқаролар эркин ҳаракатланиши сезиларли даражада кучайди.
Ижтимоий-маданий йўналишда ёшлар ва олий таълим алмашинуви бўйича илк минтақавий дастур ишлаб чиқилди. Аёллар учун умумий мулоқот майдонлари, маданият ва спорт форумлари ташкил этилмоқда. Бундай анжуманларда асрий қардош халқлар ўнлаб йиллар давом этган танаффусдан сўнг яна бирлашмоқда. Айни ташаббуслар ўзаро биродарлик руҳи, минтақавий ўзлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаб, барқарор тус олаётган Марказий Осиё давлатлари ҳамкорлигини чуқурлаштиряпти.
Президент Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари туфайли Марказий Осиёнинг халқаро майдондаги мавқеи мустаҳкамланди. “Марказий Осиё плюс” формати минтақани Хитой, Россия, АҚШ каби йирик давлатлар, Европа Иттифоқи мамлакатлари билан боғлади. Умид қиламизки, бу форматга араб давлатлари, жумладан Ўмон Султонлиги ҳам қўшилади. Зеро, халқларимизни боғлаб турган умумий тарихий илдиз маҳкам.
Даврнинг яна бир муҳим жиҳати – Афғонистоннинг минтақавий ҳамкорлик жараёнига илк бор тизимли равишда жалб этилишидир. Ҳозир Шимолий ва Жанубий Осиё ўртасида тинчлик, савдо ва транспорт алоқалари ривожи учун янги уфқлар очиляпти.
Бугун Ўзбекистон раҳбари ташаббускорлиги туфайли Марказий Осиё ишонч, яхши қўшничилик ва стратегик шерикликка асосланган кучли, барқарор ва фаровон минтақа барпо этишга интилмоқда. Минтақанинг умумий муаммолари барқарор ривожланиш имкониятига айлантирилмоқда. Умуман, минтақа тарихида илк бор эришилган бундай натижа минтақавий ҳамкорликни халқаро миқёсда ўрнак бўла оладиган ноёб моделга айлантириб, Президент Шавкат Мирзиёевни буюк режаларни амалда рўёбга чиқара оладиган етакчи сифатида намоён этмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/xCOuAL04lRc" title="Ibrohim Al-Hodiy: Markaziy Osiyo davlatlarihamkorligi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаррама Пирматова, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА