Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иброҳим Абдураҳмонов: “Янги ғоялар, янги фикр ҳамда лойиҳалар ёшлардан чиқади”
15:12 / 2023-10-17

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ташкил этилган “Креатив таълим ва инновациялар – Янги Ўзбекистон тараққиётининг асоси” шиори остидаги “Innoweek.uz-2023” халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги давом этмоқда.

Ҳафталик давомида ташкил этилаётган Халқаро кўргазмада қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, машинасозлик, саноат, балиқ саноати, ветеринария, ижтимоий ҳамда бошқа бир қатор соҳаларда фаолият юритаётган 150 дан ортиқ ташкилотлар мингдан ортиқ инновацион маҳсулотлар билан иштирок этмоқда.  

Шунингдек, ҳафталик доирасида Халқаро инновацион-инвестицион форум бўлиб ўтди. Форумни олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов очиб берди.  

– Инновация – ёшлар демакдир, – дейди Иброҳим Абдураҳмонов. –Инновацияларни ривожлантиришда, аввало тижоратлаштиришни тўғри ташкил этиш  муҳим. Бунда эса ижодкорлик муҳим роль ўйнайди. Янги ғоялар, янги фикр ҳамда лойиҳалар ёшлардан чиқади. Мамлакатимизда бу борада кўплаб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Уларнинг аксарияти ёшлар ва илм-фан билан боғлиқ. Янги Ўзбекистоннинг келажагини барпо этишда асосий йўналиш сифатида инновациялар ҳамда илм-фанга эътибор қаратилмоқда. Уларни ривожлантиришда халқаро ҳамкорлар билан ишлаш жуда муҳим. Янги технологиялар яратиш учун дунёдаги мавжуд инновацияларни ўрганиш муҳим. Зеро, мавжуд технологияни ўрганмасдан янгилик қилиб бўлмайди. Ўтган 5 йил давомида турли ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Олтинчи марта ўтказилаётган мазкур форум инновацияларга инвестиция киритишда муҳим аҳамият касб этади. Бунда ҳамкорлар ҳам, лойиҳалар сони ҳам йил сайин ўсиб бормоқда. Инновацияга инвестиция киритилар экан, бу борада турли имтиёзлар берилади. Шунингдек, инновацияларни жорий этмоқчи бўлганларга солиқларда ҳам турли имтиёзлар мавжуд. 

Шиддат билан ривожланаётган жаҳон бозорида муваффақиятли рақобатлашиш учун дадил ва инновацион ғояларга эга бўлиш зарур. Шу сабабли креатив таълим тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.  

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозим, ҳафталик доирасида 150 дан ортиқ  B2B  учрашувлар ўтказилиши, натижада инновацион маҳсулотларни харид қилиш, шунингдек, янги ишланма ва технологияларни жорий қилиш бўйича жами 22,5 миллиард сўмлик 45 та олди-сотди шартнома ва 2,3 миллион АҚШ доллари миқдорида 9 та экспорт шартномалари ҳамда маҳаллий ва хорижий компаниялар билан 99,1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 21 та инвестицион шартномалар имзоланиши кутилмоқда.  

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА