English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иброҳим Абдураҳмонов: “Бугунги интилишлар натижа кўрсатиши керак”
13:58 / 2022-07-20

Эрон Ислом Республикаси вице-президенти Сорена Сатторийнинг мамлакатимизга амалий ташрифи доирасида ўтказилаётган “Ўзбекистон-Эрон фан ва инновация форуми” ўз ишини бошлади.

Мазкур форум доирасида Инновацион ривожланиш вазирлигида “Ўзбекистон ва Эрон инновацион компаниялари ва стартаплари маҳсулотлари” кўргазмаси ташкил этилди. Унда икки мамлакат корхона ва ташкилотларининг инновацион ишланма ҳамда маҳсулотлари намойиш этилмоқда. 

Мазкур тадбирда инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ўз фикрларини билдирди. 

– Сунъий интеллект, рақамлаштириш каби соҳаларда прогноз қилиш бироз мушкул. Буни айниқса пандемия даврида кўрдик. Аввал битта вакцина яратишга 10 йиллаб вақт кетган бўлса, пандемия даврида ҳатто 2 ойда вакциналар яратилди. Инновациялар учун энергия муҳим. Энергиянинг мустақиллиги, энергияни тарқатиш бўйича олдимизда катта вазифа турибди. Бу энг катта вазифалардан бўлиб, айниқса муқобил энергетикани ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.  

Ҳозир рақамлаштириш ривожланяпти ва бунинг бир хавфи бор. Ҳамма нарса рақамлаштирилса, инсонлар нима қилади? Ишчи ўринларимизни йўқотамизми? Технологияларнинг этикаси йўқ. Ҳаётга технологиялар кириб бораверар экан, уларнинг чегараси қаерда? Келажакда бу саволлар пайдо бўлади. Эндиликда компьютер қилолмайдиган ишчи ўринларни яратишимиз керак. Бу борада ҳозир тадқиқотларни амалга оширишимиз керак.  

Инновацион ривожланиш стратегиясида бунга алоҳида урғу қаратганмиз. Ўзбекистон ва Эрон ўртасида барча соҳаларда икки томонлама ҳамкорлик алоқалари кенг кўламда ривожланиб бормоқда. Эронда ўз миллий маданий йўналишлари бор ва мутахассислар бунга сиёсат даражасида урғу берилишини алоҳида айтиб ўтди. 

Бугунги форум доирасида Эрон Ислом Республикасининг вице-президенти С.Сатторий билан биргаликда қўшма илмий-амалий тадқиқотлар ўтказиш борасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш, изланиш ишлари ва венчур ташаббусларини молиялаштиришга хусусий секторни жалб қилиш, олий таълим муассасалари ўртасидаги дастурларни қўллаб-қувватлаш юзасидан муҳокамалар ўтказамиз.  

Био ва нанотехнологиялар, IT, фармацевтика ва бошқа тармоқларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, ҳамкорларни жалб қилиш, илмий ташкилотлардан таклифлар олиш бўйича фикр алмашилади. Бугунги интилишлар, албатта келгусида натижага кўрсатиши керак, – деди инновацион ривожланиш вазири. 



Муҳайё Тошқораева, ЎзА