Халқимизда “Интилганга толе ёр” деган гап бор. Буни ҳар бир соҳада қунт ва сабр бардош билан ўз устида изланаётган инсонларга қарата айтиш мумкин. Андижон давлат университетининг спорт ва маданият факультети доценти Дурдона Қурбонова ҳам ўз мақсади йўлида олға интилиб, юқори натижаларга эришаётган фидоий аёллардан.
Дурдонанинг орзулари бир олам бўлиб, келажакда спортчи бўлишни, халқаро спорт майдонларида юртимиз байроғини баланд кўтаришни орзу қилганди. Болаликдан спортнинг карате, гимнастика турлари билан шуғулланди.
Унинг саъйи-ҳаракатлари бесамар кетмади. Йиллар давомида у карате бўйича олти карра Ўзбекистон, икки карра Марказий Осиё чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди. 2007 йилда эса спорт соҳасида эришган ютуқлари учун Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси бўлди.
Дурдона Қурбонова 206-2010 йилларда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида гимнастика мутахассислиги йўналишида таҳсил олди. Меҳнат фаолиятини ўзи ўқиган илм даргоҳининг Яккакураш спорт турлари факультети “Гимнастика назарияси ва услубияти” кафедрасида ўқитувчиликдан бошлади.
[gallery-27598]
Изланувчан, Дурдона ҳозирда Андижон давлат университетининг спорт ва санъат факультети доценти, факультет деканининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси вазифасида фаолият юритмоқда.
Фаолияти давомида спортни, хусусан, бадиий гимнастиканинг оммавийлигини ошириш, хотин-қизлар спортини ривожлантириш мавзусида республика, халқаро илмий журналлар, матбуот нашрларида унинг кўплаб мақолалари эълон қилинди. Бундан ташқари, у мутахассислиги бўйича 4 та ўқув, 2 та монография ҳамда 2 та электрон қўлланма яратди.
– Ўқиш, ўрганиш, изланиш ортидан мақсадларимга эришдим. Қолаверса, юртимизнинг энг иқтидорли қизларига бериладиган Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси бўлиш бахти ҳам насиб этди. Буларнинг бари меҳнатларим, шу билан бирга, юртимизда хотин-қизларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар самарасидир. Мукофот масъулияти ҳамиша мени олға интилишга, юксак марралар сари ундаган. Асосий мақсадим, самарали фаолиятим билан юртимиз спортини ривожлантиришга, малакали, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш, маҳоратли спортчилар сафини кенгайтиришга муносиб ҳисса қўшишдир, – дейди Дурдона Қурбонова.
Спортдаги ютуқлари, самарали педагогик фаолияти билан кўпларга намуна бўлаётган Дурдона уч нафар фарзанднинг меҳрибон онаси, ибратли оиланинг бахтли бекаси. Бир сўз билан айтганда, оилада, жамоада, кенг жамоатчилик орасида ҳурмат-эътибор топган юртимизнинг илғор, фидойи ва фаол аёлларидан.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.