Ўзбекистон Республикаси Кадастр агентлиги тизим ташкилотлари ходимлари ўртасида Ўзбек тили байрами муносабати билан “Ибратли оила” номли видеороликлар танлови ўтказилди.
Мазкур танлов мамлакатимизда ўзбек тилининг нуфузини янада ошириш, уни оилавий муҳитда кенг қўллаш, фарзандлар қалбида она тилига муҳаббат ва эҳтиром туйғусини шакллантириш мақсадида ташкил этилди. Оила институтини мустаҳкамлаш, миллий қадриятлар, урф-одатлар ва замонавий оила тимсолига эътибор қаратиш танловнинг муҳим вазифаларидан бири бўлди.
[gallery-25832]
Танловда Кадастр агентлиги тизимига кирувчи барча ҳудудий ва таркибий ташкилотлар фаол иштирок этди. Жами 23 та видеоролик тақдим этилиб, уларнинг ҳар бири ўзбек тилининг гўзаллиги, оилавий бирлик, меҳр-оқибат ва миллий қадриятлар уйғунлигини ёритишга қаратилди.
Баҳолаш жараёнида видеороликларнинг ғоявий мазмуни, ижодий ёндашуви, бадиий ифодаси, техник сифати ҳамда тарбиявий аҳамияти каби мезонларга алоҳида эътибор қаратилди. Натижада энг яхши 6 та ролик финал босқичига йўл олди.
Финал босқичида биринчи ўрин Кадастр агентлиги Республика аэрогеодезия маркази Сурхондарё вилояти бўлинмаси ходими Малоҳат Араловага насиб этди. Иккинчи ўринни Кадастр агентлиги ходими Аминов Мирзоулуғбек, учинчи ўринни эса Республика аэрогеодезия маркази ходими Дарья Нежинская кўлга киритди.
Шунингдек, алоҳида номинациялар бўйича ҳам ғолиблар тақдирланди.
Тадбир давомида иштирокчиларнинг ижодий ишлари намойиш этилди.
Шаҳноза Маматуропова,
Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА