Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ибратли оила – маҳалла кўрки
17:35 / 2025-05-15

Андижон шаҳридаги Найзақайрағоч маҳалласида “Ибратли оила – маҳалла кўрки” деб номланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

15 май – Халқаро оила куни муносабати билан мамлакатимизда жорий йил 10 майдан 10 июнга қадар “Фаровон оила сари” ойлиги ўтказилмоқда. Ойлик доирасида Андижон шаҳрида ҳам қатор тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Найзақайрағоч маҳалласидаги Маҳмуджон ака Юсупов ва Дилоромхон ая Сотқулова хонадонида ўтказилди. 

Андижон шаҳар ҳокимлиги, оила ва хотин-қизлар бўлими томонидан ташкил этилган тадбирда маҳаллаларда иш олиб бораётган хотин-қизлар фаоллари, “Оқила аёл” ҳаракати аъзолари, отинойилар, ибратли оилалар вакиллари, уй бекалари ва ёшлар иштирок этди. 

Тадбир очилишида сўз олган Андижон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари Наргиза Деҳқонова ҳамда бошқалар томонидан мамлакатимизда оилаларни мустаҳкамлаш, қўллаб-қувватлаш, оиланинг жамиятдаги ўрни, роли ва нуфузини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди. 

– Бугунги кунда Андижон шаҳридаги 94 та маҳаллада 136 мингга яқин оилалар мавжуд, – дейди Н.Деҳқонов. – Оилаларимиз қанчалик барқарор, мустаҳкам бўлса, жамиятимиз юксалиб бораверади. Шу маънода ўтказилган тадбирнинг асосий мақсади ҳам оилаларни янада мустаҳкамлаш, ибратли оилаларнинг ўзига хос анъана ва илғор тажрибаларини оммалаштириш, намунали оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг сафини янада кенгайтиришга қаратилган.  

Оила ҳаётнинг абадийлигини, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган, муқаддас урф-одатларимизни сақлайдиган, шу билан бирга, ёш авлодни муносиб инсонлар бўлиб вояга етишига бевосита таъсир кўрсатадиган, ҳар бир инсон учун энг муқаддас маскандир. Агар оила соғлом ва мустаҳкам бўлса, жамият фаровон, юрт тинч ва обод бўлади. 

Шу маънода тадбирда юртимизда ўтказилаётган “Фаровон оила сари” ойлигининг мазмун-моҳияти, мақсади ҳақида кенг маълумотлар берилди. 

Тадбир ўтказилган хонадон соҳиб ва соҳибаси, улуғ ёшли Маҳмуджон ака ва Дилоромхон ая 51 йилдан буён аҳил, иноқ яшаб келади. Уч нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказишган. Улар ҳозирда турли жабҳаларда юртимиз равнақи йўлида самарали фаолият юритиб келади.

Маҳмуджон ака сув қурилиш соҳасида, Дилоромхон ая эса таълим тизимида узоқ йиллар ҳалол-пок, сидқидилдан меҳнат қилди. Ўзларининг меҳнатсеварлиги, аҳил-иноқлиги, фарзандлар тарбияси, қўни-қўшнилар, маҳалладошлар билан муносабатлардаги ибратли фазилатлари билан кенг жамоатчилик ҳурмат-эътиборини қозонган. 

Бугун ушбу хонадонга кирган ҳар қандай кишининг баҳри-дили очилади, покизалик, барқ очилиб турган анвойи гулларга ҳавасингиз келади. Улар йиллар давомида нафақат фарзандларига, балки қўни-қўшни, маҳалласидаги кўплаб ёш оилаларга ҳам хонадонни ана шундай чиройли тутишни ўргатиб келган, маҳалладошларига ибрат бўлган. Шу боис ҳам бугун улар маҳалланинг кўплаб тадбирларига бош-қош бўлади, турли масалаларда маҳалладошларига, ёшларга маслаҳатлар беришади. 

– Бугунги кунда 1 минг 200 га яқин оила таркибида 5 минг нафардан зиёд аҳоли яшаётган маҳалламизда юқоридаги каби ибратли оилалар талайгина, – дейди “Найзақайрағоч” маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли Наргиза Тошматова. – Ана шундай бой ҳаётий тажрибага эга инсонлар, уларнинг тарбияси боис, ўтган йили ва жорий йилда маҳалламизда умуман ажрим қайд этилгани йуқ.  

Тадбирда оила соҳибаси Дилоромхон Сотқулова ўзининг бой ҳаётий тажрибалари, оиласида шаклланган ибратли тутумлар, анъаналар ҳақида иштирокчиларга гапириб берди. 

Тадбир доирасида маҳалладаги чевар, ҳунарманд аёллар томонидан тайёрланган миллий либослар кўргазмаси ташкил этилди. Маҳалла аёллари, хотин-қизлар фаоллари ижро этган келин салом, лапар ва қўшиқлар тадбирга ўзгача файз киритди. 

[gallery-23364]

Тадбир якунида ушбу маҳаллада яшовчи бир гуруҳ ибратли оила вакилларига Андижон шаҳар ҳокимлигининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди. 

“Фаровон оила сари” ойлиги доирасида Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларида, маҳаллаларида қатор тадбирлар, сайллар, спорт мусобақалари, учрашув ҳамда давра суҳбатлари бўлиб ўтмоқда. 

Ф.Убайдуллаев,

З.Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари