Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида “Ибрат Фарзандлари” лойиҳаси доирасида “Ибрат Дебате” дастури муваффақиятли амалга оширилди.
Май ойидан бошлаб старт олган ушбу дебат сессиялари туман ёшларининг фақатгина инглиз тилида мулоқот қилиш кўникмасини эмас, балки танқидий фикрлаш, жамоада ишлаш ҳамда саҳнада эркин ва таъсирли нутқ сўзлаш қобилиятини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Ёшлар ишлари агентлигининг Сирдарё вилоят бошқармаси ҳамда унинг туман бўлими ташаббуси билан ташкил этилган “Ибрат Дебате” дастурида фаол иштирок этган ёшлар махсус сертификатлар ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар. Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, “Ибрат Дебате” – бу шунчаки баҳслашиш майдони эмас, балки ёшлар учун ўзини кашф этиш, фикрларини эркин ва асосли ифода этиш, янги дўстлар орттириш ва интеллектуал ўсиш имкониятидир.

Сессиялар давомида иштирокчилар қизиқарли ва мазмунли муҳокамаларда фаол иштирок этдилар, тажрибали менторлар раҳбарлигида билим ва кўникмаларини оширдилар. Жамоавий муҳитда ишлаш, фикр билдириш ва уни асослаш кўникмасини шакллантиришди.
– Таълимнинг замонавий ва самарали усулларидан бири бўлган дебатлар ёшларда катта қизиқиш уйғотди, – дейди Ёшлар ишлари агентлигининг туман бўлими раҳбари Рашид Исмоилов. – Айниқса, инглиз тилидаги дебатлар ёшларнинг тил билимини мустаҳкамлаш, эркин мулоҳаза юритиш ҳамда глобал фикрлаш қобилиятини оширишда муҳим аҳамият касб этди.

“Ибрат Дебате”– бу интеллектуал муҳит, маданиятли ва асосли мунозара қилишни ўргатувчи платформа бўлиб, ёшлар ўртасида теран фикр, савияли нутқ ва ўзаро ҳурмат руҳини шакллантиришга ҳисса қўшади дея фикр билдиришди.
Энг асосийси, бу каби лойиҳалар нафақат бир кун, балки йил давомида доимий равишда ташкил этилиши белгиланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири