Ватанимиз тарихидаги 6 январь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1874 йил (бундан 151 йил олдин) – Бухоро амирлигидан Россия империясига Абдуқодирбек додхоҳ бошчилигида юборилган элчилар гуруҳи Петербургга етиб борди. Россияга юборилган мазкур элчилар гуруҳининг мирзоси сифатида ёзувчи, хаттот, маърифатпарвар Аҳмад Дониш ҳам элчилик таркибида эди. Элчилар Россия пойтахтида бир ярим ой бўлдилар. Маълум бўлишича, Туркистон генерал-губернатори Константин фон Кауфман ҳам шу вақтда Петербургда эди.
Тарихчи олим, академик Абдулаҳад Муҳаммаджоновнинг қайд этишича, бундан хабар топган Аҳмад Дониш Бухоро элчиси Абдуқодирбек додхоҳни губернатор билан учраштиришга ҳаракат қилган ва Бухоронинг сув таъминоти тўғрисида элчини Кауфманга мурожаат қилишга даъват этган.
Бу тўғрисида у ўзининг “Рисола” номли асарида қуйидагиларни баён қилади: “Мен элчига айтдим-ки, қачон бўлмасин Кауфманга дуч келсанг, ундан Бухоронинг сувини талаб қил, чунки Самарқандда дарёдан ташқари чашма ва кориз бор. Бухорода эса уч ой ёзда ҳатто қудуқларда ҳам сув қуриб қолади. Бу вақтда бир меш сув ярим дирҳамга ҳам топилмайди”.
Петербургда Бухоро вакиллари Кауфман билан бир неча бор учрашганлар. “Петербургда губернаторга қаерда дуч келмайлик, – деб ёзади Аҳмад Дониш, – элчини ўз ҳолига қўймай, сўзни фақат Бухоронинг суви ҳақида очдик”. Натижада, Кауфман билан Бухоро вакиллари ўртасида амирликнинг сув таъминоти тўғрисида жиддий мунозара бошланган. Аҳмад Дониш ҳам Кауфман билан сув масаласида анча баҳслашган.
1888 йил (бундан 137 йил олдин) – Амударё устига қурилган ёғоч кўприқдан дастлабки поезд ўтди. Кўприк тез ва шошилинч қурилгани туфайли унчалик мустаҳкам бўлмаган. Шу туфайли тошқинлар ва оғир юкли поездлар уни тез-тез ишдан чиқариб турган. Шундай бўлса-да, бу кўприк ўз даврининг улкан иншооти бўлиб, узунлиги жиҳатидан дунёда учинчи ўринда турган.
Бу кўприкнинг қурилиш жараёни қуйидагича кечган. 1886 йилнинг 30 ноябрида Каспийорти темирйўли орқали биринчи поезд Бухоро амирлиги ҳудудига – Чоржўйга кириб келди. Темирйўлни Бухоро ва Самарқандгача яна давом эттириш учун Амударёдан ўтиш керак эди. Бироқ дарёга кўприк қуриш кўп вақт ва харажат талаб қилиши туфайли лойиҳада сол ясаш мўлжалланганди. Аммо, солнинг ўзига яраша ташвишлари кўплиги учун муҳандис-меъмор Бачинский дарёга ёғоч кўприк қуришни таклиф қилди.
Тарихчи олим Нуриддин Мусаевнинг қайд этишича, бу таклиф кўпчиликка маъқул тушди ва катта техник қийинчиликларга қарамасдан, кўприк қуриш ишлари бошлаб юборилди. Кўприк 124 кун ичида қуриб битказилди. Кўприкнинг асосий қисми узунлиги 811 саржин бўлиб, икки чети 300 саржинлик тўғонларга уланган эди.
1909 йил (бундан 116 йил олдин) – актёр, режиссёр, Ўзбекистон халқ артисти Сулаймон Қосимов таваллуд топди (вафоти 1976 йил).
1948 йил (бундан 77 йил олдин) – ранг-тасвир устаси, Ўзбекистон халқ рассоми Муҳаммад Нуриддинов таваллуд топди. У жадидлар портретлари туркуми, “Абу Али Ибн Сино” портрети, “Сайид Барака Амир Темурга байроқ топширмоқда” каби асарлар муаллифи. 2003 йилда Ўзбекистон Бадиий академияси олтин медали билан мукофотланган.
“Унутилмас сиймолар” туркуми доирасида 1999 йилда чизилган Исҳоқхон Ибрат портрети Муҳаммад Нуриддинов мўйқаламига мансуб асарлардан бири ҳисобланади. Бу туркумдаги барча портретлар каби Ибрат портрети ҳам овал шакл ичида ишланган. Портретда у оқ саллада тасвирланган ва оч кулранг кўйлак кийган, у устига четлари тилласимон лента билан ҳошияланган тўқ рангли чопон ташлаб олган. Ибратнинг ташқи кўринишидан маърифатли, дунёқараши кенг инсон эканини англаш мумкин. Унинг юзи худди ҳамсуҳбатни диққат билан тинглаётгандек тасаввур уйғотади. Портрет илиқ рангларда классик услубда ишланган. Қиёфа жиддий ва чиройли чизилган.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Бурунди, Тожикистон ҳамда Ямайка давлатлари Ўзбекистон Республикаси суверенитетини тан олди.
1994 йил (бундан 31 йил олдин) – “Тошкент–Жиззах” электропоезди қатнови йўлга қўйилди.
1997 йил (бундан 28 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Женева шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бўлими ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳузурида Ўзбекистон Республикасининг доимий ваколатхонасини очиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
1999 йил (бундан 26 йил олдин) – дунё тиббиётига улкан ҳисса қўшган шифокор, олим ва файласуф Абу Али Ибн Синонинг башариятга қолдирган бой меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, хусусан унинг маънавий-маърифий мероси асосида ватандошларимизни, айниқса ёшларни тарбиялаш, бу умумбашарий меросдан чет эл фуқароларини хабардор этиш, инсонпарварлик хайрия ишларини амалга ошириш ва соғлиқни сақлаш тизими ислоҳотида фаол иштирок этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан Ибн Сино халқаро жамғармаси ташкил этилди.
2003 йил (бундан 22 йил олдин) – Қашқадарё вилоятида Усмон Юсупов ва Баҳористон туманлари бирлаштирилиши натижасида Миришкор тумани ташкил этилди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Миришкор туманида 18 та объект Ўзбекистон Республикасининг Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган бўлиб, уларнинг 9 таси археологик ёдгорлик (Пирмақалатепа, Кўҳна Фозлитепа, Рабодтепа, Оқмачиттепа, Қўштепа ва бошқалар), 6 таси архитектура ёдгорлиги (XIV асрга оид Якка гумбаз, Айвон ва Чандир масжидлари; ХVIII асрга оид Помуқ масжиди; XIX асрга оид Сардоба ҳамда Чор гумбаз масжиди), 2 таси монументал санъат ёдгорлиги (Мақсуд Шайхзода ва Мотамсаро Она ҳайкаллари) ва 1 таси диққатга сазовор жой (XIV асрга оид Исоқ ота мақбараси) ҳисобланади.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Ушбу қонуннинг мақсади давлат божини белгилаш, ундириш, уни қайтариш ва уни тўлашдан озод қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, қонун 5 боб, 31 моддани ўз ичига олади. Қонуннинг иловасида Давлат божи ставкалари миқдорлари ҳам қайд этилган.
2023 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қишки спорт турлари бўйича республика ихтисослаштирилган спорт мактаби фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади