Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
I ва II тоифа корхоналар мониторинг станцияларини ўрнатиши лозим
15:54 / 2025-11-26

Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан Президентимизнинг “Экология ва туризм соҳаларида аҳоли талабларига тезкор жавоб бера оладиган бошқарув тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилган семинар ташкил этилди.

Унда партия раҳбари Абдушукур Ҳамзаев, Тошкент давлат юридик университети профессори Шуҳрат Файзиев, партия Марказий кенгаши ва ҳудудий органлари ходимлари ҳамда экофаоллар иштирок этди.

Қайд этилганидек, “Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга кўра, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташкил этилиб, қўмитанинг Давлат экологик назорат инспекцияси фаолияти йўлга қўйилди. Экополиция зиммасига экологик ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича бир қатор вазифалар юклатилди.  

Шунингдек, Ягона экологик онлайн платформа фаолиятини йўлга қўйиш белгиланди.  

Атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш бўйича I ва II тоифага мансуб саноат корхоналари 2026 йил 1 мартга қадар ўз ҳудудларида фон мониторинг станцияларини ўрнатиши лозимлиги белгилаб берилди. Бу станцияларни Экология қўмитасининг Экологик мониторинг миллий марказига интеграция қилиш вазифаси ўз аксини топди.  

Бундан ташқари, қарорда 2026 йил 1 мартдан бошлаб белгиланган муддатда фон мониторинг станцияларини ўрнатмаган ва уларни Экология қўмитасининг Экологик мониторинг миллий марказига интеграция қилмаган I ва II тоифадаги корхоналарга нисбатан компенсация тўловларини беш бараварга оширилган ҳолда қўллаш тартиби жорий этилиши белгиланди.  

Семинарда таъкидланганидек, мазкур ҳужжатларда белгилаб берилган вазифалар табиатга зарар етказиш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчиликни бузиш ҳолатларини бартараф этишга хизмат қилади. Қолаверса, амалга оширилаётган экологик сиёсатнинг янада самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Бу борада партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари депутатлик ва жамоатчилик назоратини олиб бориши бўйича вазифалар белгилаб олинди.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА