Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иқтисодиёт рақамлашса, демак ундан олдин таълим ушбу жараённи босиб ўтиши керак
09:54 / 2020-04-30

XXI аср ахборот асри.


XXI аср ахборот асри. Бугунги жамиятнинг айни дамдаги ривожи ахборот ва ахборотлаштириш билан тавсифланади.

Дунёда ҳозирги пайтда ахборот-коммуникация технологияларининг (АКТ) ривожланиши жаҳон ҳамжамияти ҳаётининг муҳим омилларидан бирига айланмоқда. Уларнинг кенг тарқалиши замонавий воқеликни ўзгартирмоқда, ҳуқуқий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий соҳаларда сезиларли ўзгаришларга – “ахборотлашган жамият” шаклланишига олиб келмоқда. АКТ сиёсий коммуникация характерига, давлатнинг тавсифига катта таъсир кўрсатиб, давлат институтлари ва фуқаролик жамияти ўртасида ўзаро муносабатларни сезиларли даражада ўзгартирмоқда. Глобал ахборотлаштиришнинг янги шароитларида сиёсий-давлат бошқаруви ривожланишининг муҳим тенденцияси сифатида “Электрон ҳукумат” тизимининг яратилишини кўрсатиш мумкин.

“Электрон ҳукумат” тизими яратилган ва шиддат билан ривожланётган давлатда барча муносабатлар ва уларни кузатиб борадиган унсурлар рақамлаштирилади ва вертуал кўринишга киради.

Барча бу жараёнлар замонавий ахборот технологиялари ёрдамида бажарилади ва ўз ўзидан жараённи рақамлаштириш ва вертуаллаштиришга катта эҳтиёж туғилади. Аммо, бу ҳаракатлар авваламбор давлатда ушбу соҳада катта ислоҳотларни, яхшигина харажатларни ҳамда ахборот технологиялар соҳасида кадрлар тайёрлашни талаб қилади ва кўпгина давлатларга ушбу талаблар қийинчилик туғдириб қўяди.

Ўзбекистон ҳам “электрон ҳукумат” тизимини ривожлантирар экан, рақамлаштириш ва вертуаллаштириш жараёнини четлаб ўта олмайди ва бунинг натижаси ўлароқ рақамли иқтисодиёт томон йўл олади.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2018 йилдаги Парламентга қилган Мурожаатномасида иқтисодиётнинг барча соҳаларини рақамли технологиялар асосида янгилашни назарда тутадиган Рақамли иқтисодиёт миллий концепциясини ишлаб чиқишни таъкидлаб, шу асосда “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастурини ҳаётга татбиқ этиш зарур деди. Рақамли иқтисодиёт ялпи ички маҳсулотни камида 30 фоизга ўстириш, коррупцияни кескин камайтириш имконини беради. Нуфузли халқаро ташкилотлар ўтказган таҳлиллар ҳам буни тасдиқламоқда.

Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётнинг ялпи ички маҳсулотдаги ўрни 2,2 % ташкил қилади. Шу билан бирга ўртача оптимал кўрсаткич 7-8 % ташкил этиб, Буюк Британияда -12.4%, Жанубий Кореяда — 8%, Хитойда — 6.9%, Ҳиндистонда — 5.6%, Россияда — 2.8%, Қозоғистонда — 3.9% ташкил этади(2020 йил январь ойи ҳолатига).

Таъкидлаш жоизки, рақамлаштиришда фаол қатнашувчи субъектларнинг махсус билимлари юқорилиги мазкур рақамли иқтисодиётни яратиш жараёнини тезлаштиради. Рақамлаштириш — “дижитал” (ингл. “digital” — “рақам”) сўзидан олинган бўлиб, — ахборотни (ҳужжатлар, фото-, видео-, аудиоматериаллар) келгусида сақлаш ва/ёки тарқатиш мақсадида ахборот технологиялар ёрдамида рақамлаштириш орқали электрон кўринишга ўтказиш жараёни ҳисобланади. Рақамлаштириш катта ҳажмдаги маълумотларни сақлаш ва ишлов бериш имкониятларини яратиб, ишни осонлаштиради.

Биламизки иқтисодиётнинг ривожланишида таълимнинг ўрни беқиёс. Иқтисодиёт рақамлашса, демак ундан олдин таълим ушбу жараённи босиб ўтиши керак. Бугунги кунда коронавирус пандемияси давлатларни ўзини ўзи изоляция қилишга, давлат ичида эса фуқароларни карантин чора-тадбирлари билан сақлаб туришга олиб келди. Бу эса ўз навбатида давлатнинг жуда катта бир соҳаси бўлмиш таълимга ҳам таъсир этмай қолмади. Бугунги кунда таълим олувчиларнинг барчаси масофавий таълим орқали турли таълим порталлари ёрдамида ўқишмоқда. Аммо ушбу жараёнда масофавий таълим беришнинг методик, техник, психологик ва иқтисодий жиҳатлари муҳим роль ўйнайди. Буни қуйидагиларда кўришимиз мумкин:

биринчидан, ўқитувчиларимиз масофадан туриб ўқитишда ўз усул ва услубларини ишлаб чиқмоқда, мавжудларини эса мослаштирмоқда, онлайн видеомаърузалар устида ишлашмоқда;

иккинчидан, масофавий таълимнинг асосий қатнашувчилари – ўқитувчи ва талаба (ўқувчи, тингловчи) ўзининг техник имкониятларини оширишмоқда, компьютер харид қилишмоқда, мобил ва смарт телефонларни янгиламоқда, уйларини сифатли интернет тизимига уламоқда. Махсус дастурларни ўрганиш орқали ўзларининг техник билимларини оширмоқда;

учинчидан, масофавий таълим инсонни психологик, яъни масъулият, ишонч ва мустақиллик ҳиссини кучайтирмоқда. Натижада ёшларимизда таълим олишини мажбурлаш орқали “мажбурий назорат” кўникмаси йўқолади. Ёшлар ўзи учун керакли билимни ўзи мустақил ва масъулият билан қидиради ва истеъмол қилади;

тўртинчидан, оилалар ва дарс берувчи ўқитувчилар ўз оилавий бюджетидан уй интернети ва мобил интернет учун ҳар ойлик тўлов қилиш учун маблағ ажратмоқда. Бу эса оилада иқтисодий барқарорликни янада кучайтиришга мажбур қилади.

Олий таълим муассасалари ушбу жараёнда ўз ўқув жараёнларини автоматлаштирмоқда ва инсон омилисиз ишлаш тизимини яратмоқда. Натижада билим бериш усуллари кўпайиб, таълим очиқ, шаффоф, қулай, оммабоп, оператив, коррупциясиз ва энг асосийси сифатли таълим олиш тизими пайдо бўлмоқда.

Аммо ушбу таълимни рақамлаштириш жараёнини тезлаштириш ва тизим ишлаш сифатини юқори даражага олиб чиқиш учун бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилиши мақсадга мувофиқ.

Биринчидан, таълим субъектларида ахборот технологияларига оид бўлган техник кўникмаларни кучайтириш зарур.

Иккинчидан, мамлакатнинг барча аҳоли яшаш жойларига интернет тизимини ўтказишни якунлаш, интернет тезлигини икки уч баробарга ошириш ва нархини арзонлаштириш шарт.

Учинчидан, миллий электрон ахборот маконини керакли ва фойдали ўқув материаллари билан бойитиш ва доимий янгилаб бориш даркор.

Тўртинчидан, сифатли ахборот коммуникация технологияларини ишлаб чиқариш ишларини кенгайтириш, ушбу маҳсулотларни мамлакат ички бозорида аҳоли учун қулай бўлган нархларда сотишни кучайтириш керак.

Бешинчидан, ахборот технологиялари соҳасида сифатли кадрларни етиштириш ишларини кучайтириш, уларни иқтисодиётнинг барча соҳаларига кириб боришини таъминлаш.

Олтинчидан, электрон дастурларнинг миллий иловаларини яратиш ва уларни аҳолининг кунлик эҳтиёжлари қондирилишига хизмат қилишига эътиборни қаратиш.

Еттинчидан, таълим порталларининг сифатли ва тез ишлайдиган турларини ишлаб чиқиш лозим.

Саккизинчидан, ушбу барча тадбирларни амалга оширишда, ахборот хавфсизлигига қатъий риоя қилиш керак деб ўйлаймиз.

Бугунги кунда олий ва ўрта махсус таълим тизими – талабаларга dist.edu.uz, moodle, srs, zoom тизимлари орқали, халқ таълим тизими – ўқувчилар учун телевидение орқали масофавий дарсларни олиб бормоқда ва уй вазифаларни kundalik.com тизими орқали бериб бормоқда, мактабгача таълим тизими эса телевидение орқали “Илк қадам” дастури доирасида “Бардам болажон”, “Ментал арифметика”, “Моҳир қўллар”, “Lucking English”, “Болалар ошхонаси”, “Менинг диёрим”, “Равон нутқ” каби машғулотларни телевидение ва турли ижтимоий тармоқлар орқали олиб бормоқда.

Санжар Садиқов , Тошкент давлат юридик университети 
“Давлат ва ҳуқуқ назарияси ва тарихи” кафедраси катта ўқитувчиси,
 юридик фанлар бўйича фалсафа доктори