Жанубий Корея Президенти Ли Чже Мён АҚШдаги “Hyundai” заводида ўтказилган йирик иммиграция рейдидан кейин корейс фирмалари Америкага сармоя киритишга “жуда иккиланиб” қолаётганини айтди.
Ўтган ҳафта Жоржия штатидаги батарея ишлаб чиқариш корхонасида ҳибсга олинган 475 ишчининг 300 дан кўпи Корея Республикаси фуқаролари – асосан ишлаб чиқариш чизиғини ўрнатадиган механиклар экани айтиляпти.
Ҳозирча қўйиб юборилган, ноқонуний ишлаётганликда гумон қилинган бу муҳожирлар ватанига қайтарилиши кутиляпти.
Президент Дональд Трамп фаолиятига юз кун тўлиши муносабати билан ўтказилган матбуот анжуманида айни масала билан боғлиқ вазиятни “жуда чалкаш” дея таърифлаган. Яъни, хорижий заводларни ишга тушириш учун Корея компаниялари ходимларини вақтинча АҚШга юбориши одатий ҳолга айоанган.

– Агар энди бунга рухсат берилмаса, янги ишлаб чиқариш корхоналари очиш янада қийинлашади ва компаниялар кейинги қадамини ўйлаб босади, – деган у.
Айни пайт Сеул Вашингтон билан виза квотасини ошириш ёки тегишли тартиб доирасида янги тоифа жорий қилиш бўйича музокара олиб боряпти. Давлат рахбари АҚШ бу масалани “амалий зарурат” сифатида баҳолаши лозимлигини таъкидлаб, муаммога тез орада ечим топилишига умид билдирди.
Дарвоқе, ҳукумат заводда ўтказилган рейдни маъқуллаган. Юзага келган муаммога қарамай, чет эл компаниялари мамлакатда ишлашни истаса, иммиграция қонунига риоя этишга мажбурлиги эслатилган. Трамп ижтимоий тармоқдаги мурожаатида хорижий фирмаларга “америкаликларни ёллаш” зарурлигини айтиб, чет эллик ишчиларни “тез ва қонуний олиб кириш” имконини яратишга ваъда берди.
Мусулмон Зиё, ЎзА