Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда ҳужжатсиз ер участкаларига кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришнинг гўёки “учта йўли” мавжудлиги ҳақида турли хабарлар тарқалмоқда. Мазкур маълумотлар фуқаролар ўртасида нотўғри тушунчалар шаклланишига сабаб бўлаётгани боис, ушбу масала юзасидан Кадастр агентлиги расмий муносабат билдирди.
Аввало, тарқалаётган маълумотларда келтирилган биринчи йўл қисман тўғри бўлса-да, у тўлиқ маълумотни қамраб олмайди. Жумладан, 937-сонли қонун ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда ушбу ерларда қурилган бинолар ва иншоотларга нисбатан ҳуқуқларни эътироф этиш мақсадида қабул қилинган. Шу билан бирга, мазкур қонунда фақат ерни ўраб олиб, унда ҳеч қандай қурилиш ишлари амалга оширилмаган ҳолатлар кўриб чиқилмаслиги аниқ белгилаб қўйилган.
Иккинчи йўл эса мутлақо нотўғри ҳисобланади. Чунки, Вазирлар Маҳкамаси қонун эмас, балки қарорлар қабул қилади. Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 12 февралдаги 71-сон қарори билан тасдиқланган регламент ва низомлар мавжуд бўлиб, уларда ҳужжатсиз ер участкаларига кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш назарда тутилмаган. Хусусан, қарорнинг биринчи иловаси доимий фойдаланиш, ижара ёки мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида берилган ер участкаларини хусусийлаштириш тартибини белгилайди. Иккинчи ва учинчи иловалар эса тадбиркорлик ҳамда уй-жой қуриш учун бўш ер участкаларини аукционга чиқариш қоидаларига бағишланган.
Учинчи йўл ҳам амалда қўлланилиши мумкин эмас. Фуқаролик кодексининг 187-моддасида эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат белгиланган бўлса-да, Фуқаролик кодексининг 212-моддасига мувофиқ, суд томонидан мулк ҳуқуқи фақат иморат қурилган ер участкасининг мулкдори ёки унга қонуний асосда эгалик қилаётган шахсга нисбатан эътироф этилиши мумкин. Ҳужжатсиз ер участкалари мазкур моддалар доирасига кирмайди ва шу боис уларни 187-модда орқали расмийлаштириш имкони мавжуд эмас.
Хулоса қилиб айтганда, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган бундай нотўғри ахборотлар фуқароларнинг ортиқча вақт ва маблағ сарфлашига, шунингдек, турли тушунмовчиликларга сабаб бўлиши мумкин. Шу муносабат билан фуқаролардан фақат расмий манбаларга таяниш ва текширилмаган маълумотларни тарқатмаслик сўралди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА