Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳужжатсиз ер участкалари расмийлаштирилиши кутилмоқда
18:37 / 2024-02-26

Маълумотларга кўра, бугунги кунда республикамизда 3,8 миллиондан ортиқ уй-жойларнинг кадастр ҳужжати йўқ. Уларнинг аксарияти қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, суғориладиган ер майдонлари балансида турипти. Тегишли ҳокимлик қарори билан уй-жой учун ер берилган, аммо суғориладиган ер майдони бўлгани боис кадастр ҳужжати қилинмаган.

Яна бир ҳолат: ота-бобосидан мерос қолган уй-жой ва ер участкалари ҳам борки, улар расмийлаштирилмаган. Эндиликда ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш соҳасидаги муносабатлар тартибга солинмоқда. 

“Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан 2028 йил 1 январгача умумдавлат акцияси доирасида ер участкаси ва унда қурилган иморатга бўлган ҳуқуқни, шунингдек, якка тартибдаги уй-жой қурилган, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига ижара ҳуқуқини эътироф этиш тартиби белгиланмоқда. 

2018 йилда Президентимизнинг тегишли фармонига мувофиқ ўтказилган бир марталик умумдавлат акцияси доирасида 621 минг нафардан ортиқ фуқаронинг ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасида тегишли рухсатномасиз қурилган уй-жойларга нисбатан эгалик ҳуқуқи эътироф этилиб, уларга кадастр ҳужжатлари расмийлаштириб берилган эди. 

Эндиликда ушбу қонун лойиҳаси билан 2018 йил 1 майгача бўлган муддатда ажратилган ва 2 йил давомида қурилган уй-жойлар учун эгалик ҳуқуқини эътироф этиш кўзда тутилмоқда. Агар 2018 йил 1 майгача ажратилиб, қурилиш бошланмаган бўлса, бундай ер майдонлари туман захирасига қайтарилиши белгиланмоқда. 

Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялар йиғилишларида қизғин муҳокама қилинди. Хусусан, “Адолат” СДП фракцияси йиғилишида депутат Г.Саидғаниева сайлов округларида дуч келинаётган айни уй-жой ва ер участкаларига оид муаммолар юзасидан саволни ўртага ташлади: 

— Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан ҳоким қарори билан ер ажратилган ва у ерда уй-жойлар, иморатлар қурилган, бутун бошли маҳалла барпо бўлган. Уйлар рақамланган, фуқаролар барча коммунал тўловларни тўлаб яшашяпти. Аммо топографик харитада у ерлар суғориладиган майдонлар ҳисобида турипти. Бу ерларнинг тоифаси алмаштириб бериладими, эгалик ҳуқуқи расмийлаштириладими? 

— Қонун лойиҳасига кўра, Президентимизнинг тегишли қарори билан суғориладиган ер майдонида қурилган уй-жойнинг тоифаси ўзгартирилиб, ундан кейин эгалик ҳуқуқи эътироф этилади. Агар суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ер майдони бўлса, яъни Вазирлар Маҳкамаси ваколатидаги тоифасини ўзгартиришга оид масала бўладиган бўлса, халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш қарори билан эгалик ҳуқуқи берилади ва автомат равишда ер тоифаси ўзгаради, — деб жавоб берди Адлия вазирлиги вакили. 

Қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасида маромига етказилмоқда. 

Муҳтарама Комилова, ЎзА