French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳужжатларда “мавжуд бўлмаган” отахонга паспорт берилди
12:48 / 2022-02-23

Қашқадарё вилояти Касби тумани Зумрад қишлоғида яшовчи 68 ёшли Файзулла Ҳолиқовни қишлоқдошлари, яқинлари яхши билади.

Шу қишлоқда яшайди, ишлайди, турмуш кечирмоқда. Аммо шу вақтга қадар бирорта ҳужжатда унинг номи қайд этилмаган, гўёки бундай фуқаро “мавжуд эмас” эди.

Бунинг ўзига яраша сабаблари бор, албатта. Файзулла Ҳолиқов асли Тожикистон Республикасида туғилган. Ёшлигида туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини йўқотиб қўйган. 1988 йилда Касби туманидаги Зумрад қишлоғига кўчиб келганида ҳам ҳеч қандай ҳужжати йўқ эди. Кейинчалик, фуқаролик паспорти олишга уринишлари эса бесамар кетди.

Файзулла Ҳолиқов ҳужжатлари йўқлигидан жуда кўп қийналгани, ҳатто салоҳияти бўлса-да, яхшироқ ишда ишлай олмаганини айтади. Кексалик нафақаси ҳам ололмаётган эди. Ниҳоят унинг Давлат хизматлари агентлиги Қашқадарё вилоят бошқармасига қилган мурожаатидан сўнг муаммога амалий ечим топилди.

Давлат хизматлари агентлиги Қашқадарё вилоят бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, Файзулла Ҳолиқовнинг мурожаати бўйича бошқарма томонидан Тожикистон Республикаси Адлия вазирлигига сўровнома жўнатилиб, Файзулла Ҳолиқовнинг туғилганлик маълумотларини топишда амалий ёрдам сўралган. Орадан бирмунча вақт ўтиб, бу ҳужжат топилди.

Шу асосда Файзулла Ҳолиқовга шахсини тасдиқловчи барча ҳужжатлари расмийлаштириб берилди. Унинг бу ҳужжатларни қабул қилиб олишдаги қувончини таърифлашга эса сўз ожиз.

Ўлмас Баротов, ЎзА