Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Ҳужжатлар телефонда» тамойили давлат хизматлари соҳасига кириб келмоқда
13:19 / 2022-04-27

Бир вақтлар давлат ташкилотларига бориб иш битириш энг мураккаб масалалардан бўлгани сир эмас. 

Гоҳида навбатлар ёки бюрократия, тамаъгирлик каби иллатлар йўлимизда тўғоноқ эди. 

Давлат хизматлари кўрсатилиши бир тизимга бирлашгани, соҳада очиқлик таъминлангани аҳолига катта қулайлик яратди. 

Тўғри, юздан зиёд масалада бир марказга бориш баъзан навбатлар ҳосил бўлишига олиб келди. Бунга барҳам бериш учун Президентимизнинг давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини ривожлантиришга қаратилган фармони қабул қилинди. 

Адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев билан фармоннинг энг муҳим жиҳатлари, ижроси билан боғлиқ масалалар ҳақида суҳбатлашдик. 

– 2017 йилда ҳар бир туман (шаҳар)да давлат хизматлари марказлари ташкил этилиб, аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизими яратилди. 

Хизмат турлари тўрт йил давомида 4,5 бараварга ортиб, 37 тадан 172 тага етди. Шундан 52 таси бепул хизматлардир. 

Ушбу соҳани ривожлантиришдан ҳеч қачон тўхтамаслигимиз кераклиги ҳақида Давлат раҳбари алоҳида таъкидлаган. 2018-2022 йилларда марказлар орқали 40 миллиондан ортиқ хизмат кўрсатилгани аҳолининг бу борадаги эҳтиёжидан дарак бериб турибди. 

Оворагарчиликнинг олдини олиш мақсадида туман (шаҳар) марказларидан 50-100 км. узоқ ҳудудларда 141 филиал ташкил этилди. 170 та замонавий давлат хизматлари марказлари бинолари фойдаланишга топширилди. Қисқа муддатларда давлат бюджетидан бир сўм сарф қилмасдан барча марказларни замонавий бинолар билан таъминлаш чоралари кўрилади. 

Ушбу соҳада ютуқлардан ташқари камчиликлар ҳам мавжуд, албатта. Давлат хизматларини комплекс ривожлантириш ва рақамлаштириш бўйича дастурий ҳужжат мавжуд эмас. Барча давлат идоралари хизматларни ўзларига мос тарзда кўрсатмоқда. Ваҳоланки, давлат хизматини кўрсатишда биринчи навбатда аҳоли манфаатлари нуқтаи назаридан ҳаракат қилиш лозим.

Давлат хизматларининг катта қисми аҳолига ҳамон анъанавий шаклда кўрсатилмоқда. Яъни 750 та давлат хизматидан 325 таси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали, шундан 172 таси давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилмоқда. 

Хизматлар улушида электрон давлат хизматларидан фойдаланиш жуда кам. Шу сабабли электрон давлат хизматлари кўрсатиш кўламини кенгайтириш бўйича ҳам давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланмоқда. 

– Демак, электронлаштириш орқали давлат хизматлари кўрсатиш янада қулайлашади, шундайми? 

– Ҳа, шундай. Бунинг учун тизимни модернизация қилиш ва жадал ривожлантиришнинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган миллий стратегияси қабул қилинди. 

Стратегияни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган «йўл харитаси» тасдиқланди. Шунга асосан 2022-2023 йилларда 100 дан ортиқ давлат хизматлари рақамлаштирилади. Уларни ЯИДХП орқали ҳамда давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиш йўлга қўйилади. 

Айрим талаб ва шартлари бекор қилинаётган лицензиялар ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар рўйхати белгиланди. 

Ягона интерактив давлат хизматлари порталида электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмайдиган 38 та давлат хизматлари рўйхати тасдиқланди. 

«Электрон ҳукумат» доирасида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган давлат хизматлари тўғрисида электрон хабардор қилиш тизимига давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларини интеграция қилиш амалга оширилади. 

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш ва кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган давлат органларининг ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини Ягона биллинг тизимига босқичма-босқич интеграция қилинади. 

– Стратегия доирасида қандай тадбирлар амалга оширилиши кутилмоқда?

– Давлат хизматидан фойдаланиш учун мурожаат қилишнинг қулай усуллари йўлга қўйилади. Ўз аҳамиятини йўқотган давлат хизматларини бирлаштирилади ёки бекор қилинади. 

Жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда инклюзив муҳит яратилади. Соҳада иш юритиш «қоғозсиз» шаклга ўтказилади. Проактив давлат хизматлари кўпайтирилади. Композит давлат хизматлари (битта сўров бўйича ўзаро боғлиқ хизматларни кўрсатиш) кўпайтирилади. 

Давлат хизматларини кўрсатишда ваколатли идораларнинг масъулияти янада оширилади. Давлат хизматларини мобил илова орқали кўрсатиш ривожлантирилади. Бунда «ҳужжатлар-телефонда» тамойили асосида шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни мобил иловага ўтказиш ва уларни QR-код орқали идентификациялашни йўлга қўйилади

Давлат органлари томонидан бошқа давлат органида мавжуд маълумотларни фуқаролардан талаб қилиш босқичма-босқич бекор қилинади. 

Аҳолининг эҳтиёжидан келиб чиқиб жойларга чиққан ҳолда «маҳаллабай» асосида манзилли хизмат кўрсатиш кўпайтирилади. 

Давлат хизматларини кўрсатишда фуқаро эътибор марказида 
(Citizen – centric service) бўлади. Кам харажат билан юқори ижтимоий қиймат яратилади. Давлат хизматларини инновацион ривожлантирилади. Ҳуқуқий аниқлик ва хавфсизлик таъминланади. 

– Бюрократик тўсиқларни қисқартириш масаласи ҳам фармонда назарда тутилган. Бу қандай амалга оширилади? 

– Жаҳон банкининг тадқиқотига кўра, Ўзбекистонда йирик корхоналар раҳбарлари вақтининг 31 фоизи, кичик корхоналар раҳбарлари вақтининг 26 фоизи бюрократик масалалар билан боғлиқ. 

Кейинги тўрт йил давомида аҳоли ва тадбиркорлардан 73 турдаги ҳужжат ва маълумотномаларни талаб қилиш бекор қилинди. Натижада бир йилда ўртача 15 миллион нафардан ортиқ фуқаронинг идорама-идора сарсон бўлиб юришига чек қўйилди. 100 миллиард сўмдан ортиқ маблағ аҳолининг ўзида қоладиган бўлди.

Кўряпсизми, биргина ушбу ҳужжатларнинг электронлаштирилиши ва аҳолидан талаб қилиниши бекор бўлиши натижасида аҳолининг қанча вақти ва маблағи тежалди.

Давлат хизматларини кўрсатиш бўйича 141 дан ортиқ қонун ҳужжати ишлаб чиқилди, 100 дан ортиқ хизмат тўлиқ қайта кўриб чиқилиб, 200 тадан ортиқ бюрократик тартиб-таомиллар соддалаштирилди. Натижада талаб этиладиган ҳужжатлар сони 2 бараварга қисқартирилди.

Давлат хизмати учун тўловлар миқдори кескин камайтирилди, тўлов ундирмаган ҳолда кўрсатиладиган хизматлар сони кенгайтирилди. 

Давлат хизматлари ягона реестридаги 700 дан ортиқ хизматларнинг 50 фоизи соддалаштирилмаган. Ҳар бир вазирлик ва идора ўзининг хизматларини ва талаб қилинадиган ҳужжатларини танқидий кўриб чиқиб соддалаштириши керак.

Шубҳасиз, фуқароларимиз энг кўп мурожаат қиладиган соҳалардан бири коммунал хизмат кўрсатиш ҳисобланади. Ушбу соҳа билан боғлиқ 35 турдаги ҳужжатларни аҳоли ва тадбиркорлардан талаб қилмай, уларни «Электрон ҳукумат» тизимидан олишга рухсат берилмоқда.

– Жисмоний шахсларни идентификациялаш қандай амалга оширилади? 

– 2022 йил 1 августдан бошлаб республикамизда давлат хизматларидан фойдаланиш учун шахсни идентификациялашнинг мавжуд тизим ва воситаларига қўшимча равишда жисмоний шахсни идентификациялашнинг Мобил-ID тизими жорий этилади.

Мобил-ID тизими «Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона ахборот тизимининг таркибий қисми ҳисобланади ва шахсни мобил телефон рақами орқали идентификациялашни назарда тутади.

Шахсни Мобил-ID тизими орқали идентификациялаш фуқаронинг хоҳишига кўра давлат хизматлари маркази ёки нотариал идора ёхуд Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг мобил иловаси орқали амалга оширилади.

Мобил-ID тизими фойдаланувчилари электрон рақамли имзони қўлламаган ҳолда барча давлат хизматларидан (бундан молиявий хизматлар мустасно) фойдаланиши мумкин бўлади.

– Электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмайдиган давлат хизматларига қайсилари киради? 

– Ҳозирда хизматлар асосан электрон рақамли имзога боғланиб қолган. Бугунги кунда 3 миллиондан кўпроқ фаол электрон рақамли имзо мавжуд. 

Бироқ, 25 миллион аҳоли мобил алоқа хизматларидан фойдаланади. Бундан келиб чиқиб, аҳолининг электрон хизматлардан фойдаланиш имконияти кенгайишига йўл очиб берилади. 

Электрон рақамли имзодан фойдаланиш учун тезкор хотирали қурилманинг («флешка») мавжуд бўлиши талаб этилса, «Мобил-ID” учун мобил телефоннинг бўлиши кифоя.

– Шахсга доир маълумотларнинг конфиденциаллигини ошириш бўйича қандай вазифалар белгиланди?

– Шахсга доир маълумотларнинг конфиденциаллигини ва ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида 2022 йил 1 августдан бошлаб шахсга доир маълумотларни «Электрон ҳукумат» тизимидан фойдаланган ҳолда олишнинг қуйидаги тартиби жорий этилади:

Давлат органлари томонидан шахсга доир маълумотлар «Электрон ҳукумат» тизими орқали сўраб олинганда шахсга доир маълумотлар субъектининг ЯИДХПдаги шахсий кабинети ёки Мобил-ID тизими орқали идентификациядан ўтган мобил телефон рақамига бу ҳақида хабарнома юборилади (бундан давлат сири ва қонунчиликка мувофиқ фойдаланиш чекланган маълумотларни ўз ичига олган ҳолатлар мустасно).

Хўжалик бирлашмалари, давлат ташкилотлари ва муассасалари, «Электрон ҳукумат» тизимидан фойдаланишга рухсат берилган нодавлат ташкилотлар томонидан ишларни бажариш ва хизматларни кўрсатишда шахсга доир маълумотлар унинг субъекти розилиги билан «Электрон ҳукумат» тизими орқали тақдим этилади. 

Бунда маълумотлар тегишли ташкилотга шахсга доир маълумотлар субъектининг ЯИДХПдаги шахсий кабинети ёки Мобил-ID тизими орқали идентификациядан ўтган мобил телефон рақамидан тасдиқ олингандан сўнг «Электрон ҳукумат» тизими орқали тақдим этилади. 

Марказларда аҳоли ва тадбиркорларга электрон давлат хизматларидан фойдаланиш учун ўзига ўзи хизмат кўрсатувчи жойлар ташкил этилади. Фармон билан яна кўплаб ижобий ўзгариш ва янгиликларни жорий қилинади. 

Фармонда белгиланган чора-тадбирларни амалга оширилиши аҳолининг давлат хизматларига бўлган талабларини самарали қондиришга хизмат қилади. 



Норгул Абдураимова, ЎзА