Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳужжатлар ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди
16:50 / 2024-01-29

“Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти комплаенс хизмати томонидан 2023 йилда 2392 та ички идоравий ҳужжат коррупцияга қарши ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди. Натижада 157 та ички идоравий ҳужжат норматив-ҳуқуқий ва ички идоравий ҳужжатлар талабларига мувофиқлаштирилди. Бундан ташқари, норматив-ҳуқуқий ва ички идоравий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш юзасидан 21 та таклиф ишлаб чиқилиб, тегишли тартибда амалиётга жорий этиш учун тақдим этилди.

Бу ҳақда ОАВ вакиллари ва блогерлар учун комбинат тизимида коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш, уларнинг сабаб ва шароитларини бартараф этиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш чораларини кўриш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида комбинат Комплаенс хизмати бошлиғи Рустам Авезов иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди. 

Таъкидланганидек, 2023 йил давомида “ISO 37001:2016” Коррупцияга қарши курашиш халқаро стандарти талаби бўйича 17 та ички идоравий ҳужжат ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди. “Қизилқум” кон бошқармасида ва Навоий машинасозлик заводида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш ўтказилди. 

2023 йилда Комплаенс хизмати томонидан 35 маротаба ўрганиш ҳамда хизмат текшируви ўтказилиб, шундан 13 таси тегишли тартибда чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди. Айбдор ходимларга интизомий жавобгарлик чоралари кўрилди. Шунингдек, юридик ва жисмоний шахслардан келиб тушган 24 та мурожаатнинг 12 таси бўйича хизмат текшируви, 6 таси бўйича ўрганишлар ўтказилди ва 6 та мурожаат тегишлилигига кўра масъулларга ижро учун юборилди. 

Комбинатда ўтказилган мониторинглар натижасида 5 та ҳолатда манфаатлар тўқнашуви аниқланиб, бартараф этилиши таъминланди. Харидлар соҳасида “Товарлар, ишлар ва хизматларни харид қилиш” комиссияси томонидан 8 та тендер ва 75 та танлаш ҳужжатлари бўйича товар етказиб берувчилар ҳужжатлари кўриб чиқилиб, қонунийлик таъминланди. 

Хизмат томонидан 2023 йил давомида комбинат билан шартномавий муносабатларга киришмоқчи бўлган 85 та контрагентнинг фаолияти текширилди. Текшириш натижасида 22 та контрагентнинг ҳужжатлари тегишли талабларга жавоб бермаслиги аниқланиб, тузатишлар киритилиши таъминланди. Комбинат билан шартномавий муносабатларга киришувчи хорижий жисмоний ва юридик шахс ҳамда банкларни санкциялар бўйича назорат қилувчи комиссия томонидан 13 та контрагент ҳужжатлари санкциявий назоратдан ўтказилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан 2023 йил якуни бўйича 29 турдаги маълумот ва ҳисоботлар “E-Anticor.uz” электрон платформасига киритилди. 

Очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида комбинатнинг www.nkmk.uz расмий веб-сайтида ҳамда ички порталда “Коррупцияга қарши курашиш” ва “Очиқ маълумотлар” бўлимлари жорий этилди. Мазкур бўлимларда ички идоравий ҳужжатлар, эълон қилиниши белгиланган маълумотлар, мурожаатларни юбориш учун тегишли алоқа каналлари, ижтимоий видеороликлар ҳамда Комплаенс хизматининг масъул ходимлари тўғрисидаги маълумотлар жойлаштирилган ҳамда ушбу маълумотлар доимий тарзда янгиланиб борилиши назоратга олинган. 

2024 йилда ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш, тарғибот тадбирлари ва бошқа бир қатор ишлар, шунингдек, комбинат бошқармаси учун ISO “37001:2016” халқаро стандарти мувофиқлик сертификатини олиш режалаштирилган. 

А.Бўриев, ЎзА мухбири