French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳужжатим йўқлиги сабаб мактабда ҳам ўқимадим
19:00 / 2022-11-09

Журналист бўлганим учун қизиқ маълумот қўлимга тушиши билан тезда суриштирув ўтказаман. Бугун ҳам шундай бўлди, дарров ишни бошладим. Тўғриси маълумотни ўқиб ҳар соҳа ривожланган даврда яшаётганимга шубҳаланиб қолдим.

Эмишки бири 19, бири 16 ёшли икки ака-ука шу кунга қадар туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олмаган. Энг ёмони ҳужжати йўқлиги сабаб мактабда ҳам ўқимаган. Ҳайратланарли.  

Бу маълумотни Қашқадарё вилояти адлия бошқармаси ахборот хизмати тақдим этди. Хабарга кўра, аслида вилоятнинг Нишон туманида туғилган ҳозирда Ғузор тумани Даштобод қишлоғида яшовчи, 2003 йилда туғилган Умиджон Сайхонов ҳамда 2006 йилда туғилган Муроджон Сайхонов туғилганлик гувоҳномаси йўқлиги сабабли Ғузор туман ФҲДЁ бўлимига мурожаат билан келган. Яхшиямки келишган, йўқса уларнинг фарзандлари ҳам ҳужжатсиз туғилармиди.  

Онасининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати йўқлиги сабабли шу кунгача туғилганлиги қайд этилмаган фуқароларга туман ФҲДЁ бўлими томонидан амалий кўмак берилган ва уларга туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар топширилган. Бу гувоҳнома орқали Муроджон ва Умиджон Сайхоновлар фуқаролик паспорти ҳамда таълим олиш имконига эга бўлди.  

Ушбу хабар юзасидан Умиджон билан боғландик.  

– Ҳужжат олганимдан хурсандман, – дейди Умид Сайхонов. – Шу ҳужжат йўқлиги сабабли мактабда ҳам ўқимадим. Ҳужжатинг йўқ, деб олишмаган. Эрта-индин фуқаролик паспорти олиш учун бормоқчиман.  

– Шу кунга қадар ҳеч қайси ташкилотга мурожаат қилмадингизми, сўраймиз ундан.  

– Мурожаат қилганмиз, лекин ҳеч ким тингламаган. Қисқагина жавоб шу бўлди. Албатта, ҳеч қаерда шу кунгача қайд этилмаган фуқароларга ҳужжат берилгани қувонарли ҳолат, аммо бугун биз қайси асрда яшаяпмиз? Хўш, болаларнинг ёки уларнинг ота-онасини шунга имкони бўлмабди, маҳалла фаоллари, ҳудуддаги мактаб раҳбарияти қаерга қараган? Ёшларга қанотмиз дея бонг ўраётган Ёшлар ишлари агентлигининг ҳар бир қишлоқдаги вакиллари наҳотки эътибор қаратмаган? Юртбошимиз ташаббуси билан қанчадан-қанча “дафтар”лар тутилди, нега уларга киритилмаган? Кимлар киритилган ўзи?  Хулоса ўзингиздан.  

Ўлмас Баротов, ЎзА.