Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳужжати йўқлиги боис мактабда ўқимаган қиз
14:22 / 2023-06-02

Катталарнинг эътиборсизлиги сабаб Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани “Хўжамаҳмуд” маҳалласида яшовчи Муниса Авазова 19 ёшга тўлгунга қадар на туғилганлик гувоҳномаси, на фуқаролик паспортига эга бўлди. Ҳужжатлари йўқлиги сабаб мактаб таълимини ҳам ололмаганини Муниса афсус билан эслайди.

Унинг таъкидлашича, ўтган давр мобайнида Муниса ва унинг яқинлари ушбу ҳужжатларга эга бўлиш учун бир неча бор ҳаракат қилган, аммо имкони бўлмаган. Хўш, аслида нима бўлган эди? Нега Муниса фуқаро сифатида шу кунга қадар ҳеч бир рўйхатга киритилмади?  

Унинг айтишича, Муниса туғилган вақтда онаси бевақт оламдан ўтади. Отаси чет элга кетганлиги сабаб бир ҳафталик чақалоқ тоғасининг қўлида қолиб кетади. Тоғасининг Мунисага ҳужжат олиш учун қилган ҳаракатлари зое кетади. Шу йўсинда кунлар ойларга, ойлар эса йилларга улашиб ўтаверади. Мунисанинг бахтига Деҳқонобод туман ФҲДЁ бўлими ходимлари томонидан олис қишлоқларда сайёр қабул ўтказилади. Муниса ушбу қабулда иштирок этиб, ўз муаммосини айтади. Ушбу муаммо туман ФҲДЁ бўлими томонидан жойида рўйхатга олинди. Керакли ҳужжатлар тайёрланиб, қисқа фурсатда қизнинг туғилганлик гувоҳномаси сайёр тартибда ўз маҳалласида топширилди. Шу куни Муниса Авазовага илк фуқаролик ҳужжати ҳам топширилди.  

Энди Муниса ҳам кўпчилик тенгдошлари каби мамлакатимизда яратилган имкониятлардан фойдалана олади.

Ўлмас Баротов, ЎзА