Қозоғистондаги олий таълим муассасасида ўқиганлиги тўғрисидаги ҳужжатларни тайёрлаб бериш эвазига таъмагирлик қилган фирибгар қўлга олинди. Бу ҳақда Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Ахборот хизмати маълум қилди.
Бухоро вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ҳамкорликдаги тезкор тадбири давомида фуқаро Қ.М. фуқаро С.О. ни алдаш ва ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан мулкни қўлга киритиш мақсадини кўзлайди.
Натижада унинг ҳужжатларини transfer.dtm.uz сайтига рўйхатдан ўтказиб, Қозоғистондаги Мухтор Aвезов номидаги институтга бормасдан туриб бир йил ўқиганлиги ҳақида сертификат ва транскрипт ҳужжатларини танишлари орқали тайёрлаб беришни ваъда беради. Бунинг эвазига 900 AҚШ доллари талаб қилиб, шаҳардаги “Бон-бон” номли кафеда олдиндан келишилган пулларни олаётган вақтида қўлга олинади.
Ҳолат юзасидан Қ.М. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА