Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хусусийлаштиришда барча харидорлар учун тенг рақобат муҳити яратилади
17:11 / 2023-11-24

Хусусийлаштиришнинг қонунийлик, очиқлик ва шаффофлик, ҳисобдорлик, тенг рақобат муҳитини таъминлаш ҳамда коррупцияга йўл қўймаслик каби асосий принциплари белгиланмоқда.

Бу Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонунда ўз аксини топган.  

Мазкур қонун соҳадаги халқаро тажриба ҳамда Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари ва Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, унда хусусийлаштиришнинг барча босқичлари тўғридан-тўғри амал қилувчи қонун даражасида белгиланмоқда.  

– Қонун билан хусусийлаштириш тўғрисида қарор қабул қилиш, баҳолашдан ўтказиш, бошланғич нархни белгилаш, маслаҳатчиларни жалб этиш, савдоларни ўтказиш жараёнлари тартибга солинмоқда, –деди Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоев. – Шу билан бирга, амалдаги қонунда акс этмаган электрон-онлайн аукцион ва биржа, шунингдек, музокараларга оммавий таклиф қилиш, рақобатга асосланган мулоқот асосида сотиш, корхонани ва кўчмас мулк объектини бошқа жамиятнинг устав фондига киритиш ва корхоналарни кейинчалик сотиш шарти билан ижарага бериш каби хусусийлаштиришнинг янги турлари киритилмоқда.  

Бундан ташқари, қонунда хусусийлаштириш соҳасида Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг ваколатлари аниқ белгиланмоқда.  

Қонун билан хусусийлаштириш жараёнида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган меъёрлар киритилди. Унга кўра, хусусийлаштириш тўғрисидаги йиғма ҳисоботлар ва ҳар бир давлат активи савдо жараёнлари босқичлари тўғрисида маълумотлар Давлат активларини бошқариш агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари, савдо ташкилотчиси ва воситачининг веб-сайтларида, шунингдек, республика ва маҳаллий даражадаги оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда эълон қилиниши назарда тутилмоқда.  

Давлат активларини сотишда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти, тўловларни амалга ошириш тартиби ва шартлари қонун даражасида белгиланмоқда ҳамда мулкни балансда сақловчининг жавобгарлиги кучайтирилмоқда.  

Сенаторлар маъқуллаган қонун давлат активларини замонавий услублар асосида хусусийлаштиришни жадаллаштириш, хусусийлаштириш жараёнларининг очиқ ва шаффоф бўлиши, барча харидорлар учун тенг рақобат муҳити яратилишини таъминлайди.  

Н.Абдураимова, ЎзА