Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси мажлисида Давлат активларини бошқариш агентлигининг иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ҳамда хусусийлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботи дастлабки тарзда эшитилди.
Сенаторлар муҳокама давомида сўнгги йилларда иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш, давлат мулкини хусусийлаштириш орқали хусусий сектор улушини ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш, самарасиз ишлаётган ҳамда истиқболсиз корхоналарни тугатиш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Хусусан, 2021 йилдан буён устав фондида давлат улуши бўлган 500 дан зиёд хўжалик жамиятлари ва давлат унитар корхоналари, 3,4 мингга яқин кўчмас мулк объектлари хусусийлаштирилган, 1 минг 27 корхона тугатилган ва 964 таси қайта ташкил этилган.

Шунингдек, 2021-2024 йилларда давлат активларини хусусийлаштириш натижасида 35,8 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилган.
Ўтган 2024 йилнинг ноябрь ойида илк бор “Халқчил IPO” дастури доирасида Республика товар-хомашё биржасининг 3 миллиондан ортиқ акцияси аҳолига сотилиб, қарийб 11 минг киши акциядорга айланган.
Ҳудудларда давлат активларидан самарали фойдаланиб, маҳаллий бюджетга тушумни кўпайтириш бўйича кўрилган чоралар ҳам ўз самарасини бермоқда.
Жумладан, 2021-2024 йилларда бўш турган давлат кўчмас мулки объектларини ижарага бериш ҳисобига қарийб 1,4 триллион сўм миқдорида тушумлар таъминланиб, уларнинг 245,1 миллиард сўми маҳаллий бюджетларга йўналтирилган.

Тадбиркорларга янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган изчил чора-тадбирлар самараси ўлароқ хусусий секторга 50 дан ортиқ давлат хизмати кўрсатилган.
Мажлис давомида сенаторлар давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналарнинг ярми зарар кўриб ишлаётгани, фаолиятсиз ва тугатиш жараёнида эканлигини қайд этди. Ушбу корхоналарнинг асосий қисми Тошкент ва Қашқадарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрига тўғри келади.
Сенаторлар масъул идораларга давлат мулкини хусусийлаштиришда бошланғич нархни пасайтириш механизмларини ўз вақтида қўлламаслик, сотиб олинган давлат активларида инвестиция мажбуриятларини бажармаслик каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича ўз таклиф ва тавсияларини берди.
Мажлис якунида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА