Давлатимиз раҳбарининг хусусий таълим муассасаларига бўлган эътибори, тадбиркор ва ишбилармонларга берган имтиёзлари сабаб, Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида тиббиёт йўналишида таълим берадиган биринчи хусусий тиббиёт техникуми фаолияти йўлга қўйилди.
Мазкур таълим даргоҳи 2024 йил 28 февралда Олий таълим ва инновациялар вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилиб, унга махсус лицензия берилди. Шундан сўнг, уч нафар тадбиркор – Ибодулла Ҳабибов, Беҳзод Бобохонов ва Шоҳруҳ Иззатуллаев томонидан таълим даргоҳи талабалар ўқиши учун мослаштирилди. 18 та кабинет замонавий жиҳозлар билан таъминланди.


Айни вақтда мазкур таълим даргоҳида 150 нафар талаба ҳамширалик, фельдшерлик иши бўйича таҳсил олади. Ўқув жараёни икки- уч йиллик бўлиб, мазкур таълим даргоҳини битирган ёшларга диплом билан бирга, логопед, болалар массажчиси ва компьютер саводхонлиги бўйича 3 та сертификат берилади. Бу эса, уларга Россия, Германия, Англия ва Япония давлатларида ишлаш ҳуқуқини беради.
Мазкур таълим даргоҳининг очилишида нафақат соҳа ходимлари, сирдарёлик фаоллар иштирок этиб, Гулистон тиббиёт техникуми, унинг келгуси истиқболи тўғрисида сўз юритиб, техникум жамоасига ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлашда муваффақиятлар тилади.


Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири