English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хусусий тиббиёт — соғлом рақобат ва сифат гарови
13:34 / 2026-01-16

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айниқса, хусусий тиббиёт соҳасини ривожлантириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Қонунчилик базасининг такомиллаштирилиши, лицензиялаш жараёнларининг соддалаштирилиши ва инвестициялар учун қулай шароитлар яратилиши натижасида хусусий тиббий хизматлар бозори жадал суръатларда ўсиб бормоқда. Бу эса аҳолининг сифатли ва замонавий тиббий хизматларга бўлган эҳтиёжини қондиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш маркази маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистон Республикасида хусусий тиббиёт соҳасида барқарор ўсиш давом этди. Жумладан, 1 329 та тиббий клиника лицензия олиб, фаолият бошлади.

Ҳудудлар кесимида таҳлил шуни кўрсатадики, фаолият бошлаган клиникаларнинг катта қисми аҳоли зич жойлашган ва иқтисодий фаол ҳудудлар ҳиссасига тўғри келади. Хусусан, Тошкент шаҳрида 251 та, Фарғона вилоятида 169 та, Самарқанд вилоятида 129 та, Андижон вилоятида 121 та ва Қашқадарё вилоятида 117 та клиника фаолият бошлаган.

Шунингдек, Тошкент вилоятида 95 та, Бухоро вилоятида 91 та, Наманган вилоятида 74 та, Хоразм вилоятида 71 та, Сурхондарё вилоятида 62 та, Қорақалпоғистон Республикасида 54 та ва Навоий вилоятида 50 та клиника иш бошлаган.

Айрим ҳудудларда, жумладан Жиззах вилоятида 30 та ва Сирдарё вилоятида 15 та клиника фаолият бошлаган бўлиб, бу ҳудудларда хусусий тиббиётни янада ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш ва тиббий хизматлар қамровини кенгайтириш учун имкониятлар мавжудлигини кўрсатади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда жами 9 000 дан зиёд хусусий тиббиёт муассасалари фаолият кўрсатмоқда.

Хусусий тиббиётнинг ривожланиши бир қатор ижобий натижаларни келтириб чиқаради: тиббий хизматлар сифати ва хизмат кўрсатиш маданияти ошади, замонавий тиббий ускуналар ва илғор технологиялар жорий этилади, беморлар учун танлов имконияти кенгаяди, соғлиқни сақлаш тизимида соғлом рақобат муҳити шаклланади, давлат тиббиёт муассасалари юки қисқаради.

Шу билан бирга, хусусий тиббиёт соҳасида айрим муаммо ва чекловлар ҳам мавжуд. Яъни, тиббий хизматлар нархининг юқорилиги барча қатламлар учун бирдек имконият яратмаслиги мумкин. Айрим ҳолларда фойда олиш устуворлиги тиббий этикага салбий таъсир кўрсатиши эҳтимоли бор. Малакали кадрларнинг давлат тиббиётидан хусусий секторга ўтиб кетиши кадрлар танқислигини келтириб чиқариши мумкин. Хизматлар сифатини доимий назорат қилиш зарурати мавжуд.

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, ривожланган давлатларда хусусий тиббиёт давлат тиббиёти билан уйғун ҳолда фаолият юритади. Масалан, Германия, Франция, Жанубий Корея ва Япония каби мамлакатларда хусусий клиникалар давлат суғурта тизими билан интеграция қилинган бўлиб, аҳолининг кенг қатламига хизмат кўрсатади. АҚШда хусусий тиббиёт етакчи ўрин тутади, бироқ давлат томонидан қатъий тартибга солинади.

Ўзбекистонда ҳам дунё тажрибасини инобатга олган ҳолда, хусусий ва давлат тиббиёти ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, хизматлар сифатини назорат қилиш ва аҳолининг барча қатламлари учун тиббий хизматларнинг очиқлигини таъминлаш муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, хусусий тиббиётнинг изчил ривожланиши соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва мамлакатда инсон капитали сифатини оширишга хизмат қилади.

Моҳигул Қосимова,

ЎзА