Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хусусий тиббиёт муассасалари сони кўпаймоқда
20:36 / 2024-02-24

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, унда белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш тизимида аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда хусусий сектор улуши ошди.

Давлатимиз томонидан яратиб берилган қатор имтиёзлар ушбу турдаги хусусий тиббиёт муассасалари сонининг ортишига, жадал ривожланишига имкон берибгина қолмай, давлат ва нодавлат тиббиёт муассасалари ўртасида рақобат муҳити вужудга келишига, тиббий хизмат кўрсатиш кўламининг ортишига олиб келди.  

–Бу албатта яхши, ўтган 2023 йилда ўз фаолиятини бошлаган 12 та хусусий тиббиёт муассасаси ҳисобига Сирдарёда фаолият кўрсатаётган муассасалар сони бугунги кунда 141 тага етди, – дейди Сирдарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси Абдували Шаматов. – Мазкур муассасаларнинг 109 тасида амбулатор, 32 тасида эса аҳолига стационар шароитда тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Шифо ўринлари сони 2940 та, унда ишлайдиган шифокорлар сони 322 нафарга, ҳамширалар сони 415 нафарга, бошқа соҳа вакиллари сони эса 274 нафарга етди.  

Вилоятдаги “Xanifa med”, “Ravshan davolash maskani”, “Sirdaryo – Darmon servis”, “MDT – Metan”, “Ravshan- Dil mehr”, “Sabr-Shukir”, “Abror uorlogiya”, “Donyorbek-shifo”, “Sayxun servis” каби хусусий клиникаларда юқори технологик жарроҳлик амалиётлари йўлга қўйилган. Амалга оширилаётган жарроҳлик амалиёт тури 60 дан ошиб кетган бўлса, хусусий клиникаларга хорижий давлатлардан келтирилган энг сўнгги русумдаги 4 та МРТ, 8 та МСКТ, 9 та рақамли рентген аппарати, 45 та УТТ, 12 та лапароскопия, 32 та лаборатория жиҳоз ва аппаратлар ҳисобига тиббий хизмат кўрсатиш кўлами ортди.  

Асосийси, бундан икки йил муқаддам Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий амалий тиббиёт маркази Сирдарё вилоят филиалига қарашли бўш турган гинекология биноси инвестиция киритиш шарти билан 10 йил муддатга давлат-хусусий шериклик асосида фаолият бошлаши учун “Doktor Abdumalik” масъулияти чекланган жамиятга берилган эди. Аҳамиятли томони, инвестиция белгиланган муддатларда тадбиркор томонидан киритилиб,  стационар шароитда терапия йўналишида хизмат кўрсатадиган 41 ўрин  яратилган бўлса, бугунга келиб мазкур муассасадаги ўринлар сони 100 дан ошди.  

–Яқинда  клиникага тиббий жиҳоз ва тиббий аппаратура ишлаб чиқарадиган давлатлардан МРТ, УТТ ва бошқа жиҳоз ва аппаратлар келтирилди, – дейди “Doktor Abdumalik” клиникаси бош шифокори Шавкат Бегматов. – Бу клиникага келиб- кетаётган, соғлиғида муаммоси бор беморларга хизмат кўрсатишда қўл келмоқда. Яқин вақтларда яна битта янгиликка қўл уриб, жарроҳлик амалиётини йўлга қуймоқчимиз. Асосийси, бу борадаги ишни бошлаб юборганмиз.  

–Бундан икки кун аввал Сирдарё туманидан Гулистон шаҳрида жойлашган “Xanifa med” клиникасига ташриф буюргандим, – дейди сирдарёлик Умида Жанаева. – Иккинчи фарзандимни шу ерда клиниканинг малакали акушер-гинекологлари, доялари ёрдамида дунёга келтирдим. Шарт-шароитлар жуда яхши. Оила хонаси ташкил этилган, катта фарзандим ва турмуш ўртоғим ҳам шу ерда. Она учун бундан ортиқ қулайлик бўлмайди. 

50 стационар ўринга мўлжалланган клиникада клиник лаборатория, жарроҳлик бўлими, реанимация хонаси, 2 кишилик, бир кишилик алоҳида хоналар, бундан ташқари туғруқ ва туғруқдан сўнг  аёл ўз оиласи ва фарзандлари билан маълум бир вақт шифокорлар назорати остида даволаниши учун оила хонаси ҳам ташкил этилган.  

Рақобат бор жойда иш, иш бор жойда рақобат бўлади. Давлат тиббиёт муассасалари билан хусусий тиббиёт муассасалари ўртасида вужудга келган ана шундай рақобат муҳити аҳолини тиббиёт муассасаларига эмас, тиббиётни аҳолига янада яқинлаштиришда муҳим ўрин тутмоқда.  

Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири.