Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятида қонунчилик талабларига риоя этиш масалалари ўрганилди
20:57 / 2025-12-23

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси давлат ижтимоий буюртмаси асосида ҳудудларда фаолият юритаётган хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятини жамоатчилик назорати тартибида ўрганди.

Ўрганишлар давомида республика бўйлаб жами 6 минг 741 та хусусий тиббиёт муассасасининг фаолияти манзилли таҳлил қилинди. Таҳлиллар натижасида айрим муассасаларда амалдаги қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган талабларга тўлиқ риоя этилмаётган ҳолатлар аниқланди.

Хусусан, тиббий хизматлар тўғрисида истеъмолчиларга очиқ ва шаффоф ахборот тақдим этиш, хизматлар нархларини белгилаш ҳамда нархномаларни эълон қилиш масалаларида қатор камчиликлар мавжудлиги қайд этилди. Айрим ҳолларда тиббий хизматлар нархларини шакллантиришда иқтисодий асосланганлик, очиқлик ва адолат тамойилларига тўлиқ амал қилинмаётгани кузатилди. Бу эса истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Шу муносабат билан Федерация хусусий тиббиёт муассасалари раҳбарларини тиббий хизматлар учун нархларни белгилашда инсоф, адолат ва ижтимоий масъулият тамойилларига қатъий риоя этишга, хизматлар нархларини иқтисодий жиҳатдан асосланган, шаффоф ва истеъмолчи учун тушунарли шаклда белгилашга чақирди.

Шунингдек, амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ равишда нархномаларни барча истеъмолчилар учун очиқ жойларда жойлаштириш, аҳолининг турли қатламлари, айниқса ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар манфаатларини инобатга олган ҳолда фаолият юритиш зарурлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Давлат тили тўғрисида”ги қонунлар талабларига қатъий риоя этиш лозимлиги эслатиб ўтилди.

Федерация тиббий хизматлар бозорида соғлом рақобат, қонунийлик ва фуқаролар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш мақсадида хусусий тиббиёт муассасалари билан конструктив ҳамкорликка тайёр эканини маълум қилди.

Ўрганишлар натижасида билдирилган тавсия ва мурожаатлар хусусий тиббиёт муассасалари томонидан инобатга олиниб, тегишли чора-тадбирлар кўрилишига умид билдирилди.

ЎзА