Хусусий сектор замонавий бозор тизимини шакллантириш, барқарор ўсишни таъминлаш ва фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон иқтисодий трансформациясининг асосий таркибий қисмларидан биридир.

Сўнгги йилларда айнан тадбиркорлик ривожи иқтисодий тараққиёт, бандлик ва инновацион ривожланишнинг энг муҳим омилига айланди. Бизнес ва хусусий ташаббус иқтисодиётни модернизация қилишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучлари сифатида намоён бўлаётгани глобал тенденцияларга мос келади.
Мамлакатимизда “Ҳаракатлар стратегияси” (2017–2021), “Тараққиёт стратегияси” (2022–2026) ҳамда “Ўзбекистон–2030” стратегияси доирасида қулай бизнес муҳитини яратиш бўйича кенг кўламли чоралар кўрилди. Муҳим босқичлардан бири сифатида Бизнес-омбудсман институти ташкил этилди ва унинг фаолиятини тартибга солувчи қонун қабул қилинди. Бу эса тадбиркорлар манфаатларини тизимли ҳимоя қилишни таъминлади. Шу билан бир вақтда, бизнесни рўйхатдан ўтказиш тартиблари соддалаштирилди, режасиз текширувлар бекор қилинди ҳамда ер участкаларини ажратиш тартиби такомиллаштирилди. Натижада бу маъмурий тўсиқларнинг камайишига ва тадбиркорлик фаоллигининг ривожланишига хизмат қилди.
Иқтисодиётни модернизация қилиш йўлини давом эттирар экан, Ўзбекистон 2019–2021 йилларда бизнес муҳитини рақамли ўзгартиришга эътиборини қаратди. “Ягона дарча” тизими ва “E-kadastr.uz” электрон портали яратилиши кўплаб бюрократик жараёнларнинг онлайн шаклга ўтишини таъминлади. Лицензия ва рухсатномаларни олиш тартибининг соддалаштирилиши кичик бизнес субъектлари ва тадбиркорлар сонининг ортишига ёрдам берди ҳамда фуқароларнинг янги бозор муносабатлари институтларига бўлган ишончини мустаҳкамлади.
2022–2024 йилларда хусусий секторнинг янада ривожланиши рақобатнинг кучайиши ва молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларининг кенгайиши билан тавсифланди. Рақобат мавжуд бўлган соҳаларда давлат корхоналарини ташкил этишга чекловлар ўрнатилди, оилавий бизнесни қўллаб-қувватлаш дастурлари жорий этилди ва кредитлаш бўйича электрон платформалар ишга туширилди.
Юртимизда “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири қабул қилиниши ҳамда “Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти” ўтказилиши давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаб, тадбиркорлик ташаббусининг барқарор ривожланиши ва хусусий инвестицияларни жалб этиш учун пойдевор яратди.
Ушбу ислоҳотлар натижасида 2024 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулотида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик улуши 54,3 фоизга, экспортда — 33,3 фоизга, саноатда эса — 32,4 фозга етди. Бундай динамика шуни кўрсатадики, айнан хусусий сектор иқтисодий ўсиш ва миллий иқтисодиётнинг диверсификацияси учун асосий локомотивга айланди.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2024 йилда мамлакатда 77 мингта янги корхона ташкил этилган, фаолият юритаётган корхоналарнинг умумий сони эса 358,1 мингтага етган. Янги хусусий бизнес субъектларининг энг катта қисми савдо соҳасида — 28 мингта корхона сифатида рўйхатга олинган. Ундан кейинги ўринларда саноат, қишлоқ хўжалиги ҳамда яшаш ва овқатланиш хизматлари соҳаси жой олган.
Таъкидлаш жоизки, «Ўзбекистон–2030» стратегиясига кўра, асосий мақсадлардан бири иқтисодиётдаги нодавлат сектори улушини 85 фоизгача ошириш ва давлат улуши иштирокидаги корхоналар сонини ҳозирги 2300 тадан 383 тагача қисқартиришдир.
Хусусийлаштириш, рақобатни кучайтириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган бу йўналиш иқтисодиёт самарадорлигини ошириш ҳамда давлатнинг тижорат фаолиятидаги ролини пасайтиришга йўналтирилган.
Ушбу чора-тадбирларни ривожлантиришда давлатнинг бир қатор функцияларини хусусий секторга ўтказиш алоҳида аҳамият касб этади. Шундай қилиб, 2025 йил 1 июлдан бошлаб бизнесга 11 турдаги давлат хизматлари топширилган, жумладан, тиббий ташкилотларни аккредитация қилиш, ҳисоблагичларни текшириш ва транспортни эк-сертификация қилиш. Бундан ташқари, 2028 йилгача хизмат кўрсатиш соҳасидаги корхоналар учун 1 фоиз миқдоридаги ижтимоий солиқнинг имтиёзли ставкаси узайтирилган, бу уларнинг ривожланишини рағбатлантиради ва аҳолининг бандлигини оширишга ёрдам беради.
Ишбилармонлик фаоллигини янада ошириш мақсадида 2026 йил 1 январдан бошлаб йиллик айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун 1 фоиз миқдорида пасайтирилган солиқ ставкаси жорий этилади. Ушбу чора солиқ юкини камайтириш ва янги иш бошлаётган тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган бўлиб, бу айниқса кичик бизнес соҳасини мустаҳкамлаш ва ўзини ўзи банд қилишни кенгайтириш учун муҳимдир.
Солиқ имтиёзларини жорий этиш билан бир қаторда ижтимоий аҳамиятга эга тармоқларни ривожлантиришга хусусий капитални жалб этиш кучайди. Хусусан, таълим соҳасида хусусий боғчалар сони 120 баробардан зиёд кўпайиб, 31 мингтага, хусусий мактаблар сони эса 22 баробарга ошиб, 645 тага етди.
Мактабгача таълим билан қамров даражаси 70-80 фоиздан паст бўлган 80 та туманда тадбиркорларга имтиёзлар берилмоқда: 30 йилгача ижара тўловидан озод қилиш ва ҳар бир тарбияланувчи учун харажатларнинг 50 фоизини субсидиялаш. Бундай рағбатлантиришлар сифатли таълим олиш имкониятини оширишга ва хусусий инвесторларнинг инсон капиталини ривожлантиришда фаол иштирок этишига ёрдам беради.
Шунга ўхшаш тенденциялар соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам кузатилмоқда. Сўнгги етти йилда хусусий тиббиёт муассасалари сони 3,5 мингтадан 8,5 мингтага кўпайган. Бу ўсиш бизнес учун қулай шароитлар, инновацион технологияларни жорий этиш ва тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш билан боғлиқ.
Бундан ташқари, аҳолининг хусусий тиббий хизматларга бўлган ишончи ортиб бормоқда, бу эса хизмат сифатини яхшилаш ва фуқароларнинг замонавий даволаш усулларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Айрим тармоқлардаги таркибий ислоҳотлар натижалари макроиқтисодий даражада ҳам намоён бўлмоқда, бу инвестицияларнинг ўсиши ва хусусий сектор фаоллиги билан тасдиқланмоқда. Хусусан, 2024 йилда Ўзбекистонда 493,7 триллион сўм асосий капиталга инвестициялар ўзлаштирилган бўлиб, шундан 150,5 триллион сўми тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардир. Сўнгги беш йилда капитал қўйилмаларнинг умумий ҳажми қарийб 2,3 баробар ўсди, инвестицияларнинг 75,9 фоизи жалб қилинган маблағлар ҳисобидан, 24,1 фоизи эса корхоналар, ташкилотлар ва аҳолининг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилди.
Халқаро баҳолашлар ҳам Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар самарадорлигини тасдиқламоқда. Хусусан, Жаҳон банкининг “Бизнесга тайёрлик 2024” (B-READY) ҳисоботига кўра, ривожланаётган иқтисодиётларда хусусий сектор иш ўринларининг қарийб 90 фоизини яратади, инвестицияларнинг 75 фоизини ва саноат ишлаб чиқариш ҳажмининг 70 фоиздан ортиғини таъминлайди. Тадбиркорлик фаолиятини самарали ва шаффоф тартибга солишга иқтисодий ўсишни жадаллаштириш ва самарадорликни оширишнинг энг муҳим воситаларидан бири сифатида қаралмоқда.
Бундан ташқари, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига аъзо давлатлар COVID-19 пандемиясидан кейин барқарор тикланиш учун давлат ва бизнес ўртасида яқин ҳамкорлик зарурлиги ҳақидаги позицияни маъқуллайди. Ташкилотнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2030 йилга бориб Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун талаб қилинадиган йиллик инвестициялар 2019 йилдаги 2,5 триллион АҚШ долларидан 2020 йилда 3,7 триллион АҚШ долларигача ошди. Бу эса инвестицияларни жалб қилиш ва узоқ муддатли ривожланишнинг стратегик вазифаларини амалга оширишнинг асосий механизми сифатида ДХШнинг аҳамиятини оширади.
Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклик ривожланишидаги сезиларли ютуқларни Халқаро валюта жамғармаси маълумотлари ҳам тасдиқлайди: 2021 йилда ДХШ лойиҳаларининг умумий портфели тахминан 6,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этган ва бу ЯИМнинг тахминан 8 фоизига тўғри келган бўлса, 2024 йил охирига келиб у 31 миллиард долларга ёки ЯИМнинг 27 фоизига етди. Бундай тенденция хусусий капиталнинг иқтисодиётдаги мавқеи кучайиб бораётганидан далолат беради ва инвесторларнинг ички бозорга қизиқиши ортаётганини кўрсатади.
Ўзбекистон Республикаси тажрибаси шуни кўрсатадики, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, хусусий капитални фаол жалб қилиш мамлакатнинг барқарор иқтисодий ривожланиши учун ишончли пойдевор яратади.
Рамзидин НУРИДИНОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази бош мутахассиси