Қонунчиликка кўра, таълим кредитлари тижорат банклари томонидан таълим ташкилотлари бакалавр ҳамда магистратуранинг кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклида тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилган ёки қабул қилинган, шунингдек ўқишини кўчирган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган талабаларга берилади. Бунда, кредит олувчининг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари (ота-онаси, ака-укаси, опа-синглиси, эри ёки хотини) ёки бошқа учинчи шахслар таълим кредити шартномасида биргаликда кредит олувчи сифатида иштирок этиши мумкин.
Таълим ташкилотида таҳсил олиш мақсадида табақалаштирилган тўлов-контрактни ва табақалаштирилган тўлов-контрактнинг минимал миқдорига тенг бўлган бир марталик бошқа тўловларни амалга ошириш учун таълим кредити ажратилишига йўл қўйилмайди. Мутахассисларнинг маълум қилишича, тўлов шартнома асосида ўқиётганлар учун ажратиладиган таълим кредити фақат давлат ОТМ лари талабаларига эмас, балки хусусий ОТМ лар талабаларига ҳам ажратилади.

Республикадаги олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари, шу жумладан хусусий ва хорижий олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари ҳамда уларнинг филиалларида таҳсил олувчи талабалар кредит олиши мумкин. Бунда талаба ОТМ билан тузилган контракт шартномасини банкка топширади ва бир йиллик контракт суммасига тенг кредит олади. Қайд этилишича, супер-контракт учун кредит берилмайди.
Таълим кредитининг асосий қарзи талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг, еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади. Кредитни муддатидан олдинроқ ҳам тўлаш мумкин.
Тўлов-контракт миқдорининг 25 фоизи бўйича — кредит олувчилардан ҳар йили 1 сентябрга қадар кредит олиш учун келиб тушган аризалар асосида, тўлов-контракт миқдорининг 50, 75 ва 100 фоизи бўйича — ўқув йили давомида таълим кредити шартномаси тузган кредит олувчилар эҳтиёжи ҳисоб-китобидан ва ҳар йили, мос равишда, 15 декабрь, 15 март ва 15 июнга қадар кредит олиш учун янги келиб тушган аризалар асосида шакллантиради.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА