Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг @uza_uz телеграм канали орқали бўлиб ўтган овозли чатда Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги бошқарма бошлиғи Отабек Равшанов ҳамда ахборот хизмати раҳбари Моҳинур Имомовалар кузатувчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
— Эски, қадимги қўрғонлар ҳам Маданий мерос агентлигига қарайдими?
— Бугунги кунда маданий мерос объектлари рўйхатида мингдан зиёд қўрғонлар мавжуд. Агар қўрғонлар археологик объектлар бўлса, агентлик томонидан консервация (сақланади) қилинади. Ўз қийматини сақлаб қолган бўлса, архитектура обидаси сифатида мунтазам равишда хатловдан ўтказилиб, мониторинг қилинади, назоратга олинади.
— Тошкент вилоятида жойлашган бир тарихий объект “Ҳавас маркет”га айлантирилгани ҳақида хабар тарқалган эди. Ушбу объект Маданий мерос агентлиги рўйхатида бормиди?
— Ушбу объект Тошкент вилоятининг ҳудудий маданият бошқармасига тегишли бино бўлган. Мазкур бино Маданий мерос агентлиги миллий рўйхатига киритилмаган.
Аслида ҳар бир объектнинг маданий мерос объекти сифатида тан олиниши учун талаблар бор. Яъни, илмий экспертиза кенгаши олимлари энг аввало қадимий бинони ўрганиб, тарихий, маданий, бадиий аҳамияти бўйича баҳо беришади. Улар берган баҳолар бўйича биз объектни давлат муҳофазасига олиш юзасидан хулоса берамиз.
Тошкент вилоятидаги мазкур объект ташқи тарафдан ганчлар билан ишлангани учун айрим одамлар тарихий бино деб ўйлаган бўлишлари мумкин. Бугунги кунда ҳунармандчилигимиз ривожланиб кетгани туфайли ҳаттоки айрим одамларнинг уйларини кўриб тарихийми, деб ўйлаб қоласиз. Айниқса, Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабзда тарихий кўринишда ишланган бинолар жуда кўп. Бинонинг ёшини суриштирсангиз, 5-10 йиллик тарихи бор холос.
Бино маданий мерос объекти рўйхатига киритилиши учун архитектура жиҳатидан ноёб, яъни бошқа аналоги бўлмаслиги керак, — дейди Моҳинур Имомова.
— Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани Хўжасоат қишлоғида қадимги қўрғон бор. Ушбу қўрғон устида изланишлар олиб борилса, қадимги буюмлар топилар эдими?
— Биз археология масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратганмиз. Агентлигимизда археология ва қазиш ишларини олиб борувчи алоҳида бўлим мавжуд. Бўлим мутахассислари ҳар йилги археологик экспертизаларни ташкил этиш бўйича иш режа асосида мунтазам равишда ҳудудларда илмий изланишлар олиб боради. Улар илмий изланишлар натижасида қайсидир топилмалар топилганини аниқлашса, бизга мурожаат этишади. Биз экспедиция ишларини амалга оширамиз. Кузатувчимиз айтган Хўжасоат объектини ўрганишни мутахассисларимизга тақдим этамиз. Ушбу объект маданий мерос рўйхатига киритилмаган бўлса, уни батафсил ўрганиб, бу ҳақда қўшимча маълумотлар берамиз, — дейди Отабек Равшанов.
— Ҳар бир туман, шаҳар марказида ҳудуднинг 40-50 йил олдин қандайлигини билдириб турадиган қадимий кўчалар, маҳаллалар, уйлар бор. Бундай уйлар тайёр экспонат ҳисобланади. Хусусий мулк шаклидаги объектлар ҳам маданий мерос рўйхатига киритиладими?
—Ҳар бир шаҳар, маҳаллаларда ўзининг тарихий қийматига эга бўлган ҳудудлар мавжуд, — дейди О.Равшанов. — 2019 йилда бир қатор хусусий мулк шаклидаги қадимий ҳовлилар агентлигимиз рўйхатига киритилган. Мисол учун, Бухоро вилоятида 40 га яқин қадимий ҳовлилар бор. Улар давлат тасарруфида эмас. Ҳовлилар одамларнинг хусусий мулки бўлсада қадимий, тарихий, маданий қийматга эга эканлигини аниқлаб, миллий рўйхатга киритганмиз.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/Jk4iaqKxQ0E" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Н.Раҳмонова,
А.Содиқов (видео),ЎзА